Озарбойжон президенти Илҳом Алиев бундай фикрни IV Шуша глобал медиа форумида билдирди.
"ХIХ асрда Озарбойжон мустамлакага айлантирилган ва биз мустамлакачи таркибида яшаганмиз. Кейинчалик, Совет Иттифоқи ташкил этилганда, биз мустақил мамлакат эмас эдик, биз Совет Иттифоқи таркибига кирганмиз. Республика эдикми? Ҳа, лекин ҳеч қандай ҳуқуқларсиз. Шунинг учун ҳам бизнинг тарихий хотирамизда мустамлака бўлиш нима эканлиги ва эркин бўлиш нима эканлиги ҳақидаги тушунча сақланиб қолган.
Агар, масалан, ХIХ-ХХ асрлардаги мустамлакачилик давридаги Озарбойжонга ва бугунги мустақил Озарбойжонга қарасангиз, бу худди кун ва тундек фарқ қилади. Биздан фақат ресурсларни олиб кетишган. Миллиардлаб тонна нефт қазиб олинган, баррел эмас, айнан тонна.
Совет Иттифоқи парчаланганида эса, биз табиий газ ва электр энергиясисиз қолдик. Бизнинг бойлигимизни сўриб олганлар томонидан табиатимизга етказилган зарарни бартараф этиш учун миллиардлаб маблағ сарфлаб, биз ҳалигача Боку атрофидаги ифлосланган ҳудудларни тозалаб келяпмиз.
30 йилдан ортиқ вақт давомида Озарбойжон, ўрта қудратли давлатга айланди. Мустақилликнинг устунлиги ҳам шундадир.
Совет Иттифоқи парчаланганида, эсимда, Россиядаги кўплаб таҳлилчилар шундай дейишган эди: “Энди бу республикалар ҳалок бўлади. Улар марказсиз яшай олмайди”. Хўш, нима бўлди? Уларнинг барчаси нормал ҳаёт кечирмоқда", — деди Илҳом Алиев.