Озарбoйжон суди тан олинмаган Тоғли Қорабоғнинг собиқ президенти ва унинг сафдошларини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди — “Медуза”.
Боку ҳарбий суди 2023 йил кузида қўлга олинган Тоғли Қорабоғнинг ҳарбий-сиёсий раҳбариятига нисбатан ҳукм эълон қилди.
2020 йил майидан 2023 йил 1 сентябригача тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасига раҳбарлик қилган Араик Арутюнян умрбод озодликдан маҳрум этилди. Худди шундай жазо тан олинмаган республиканинг мудофаа армияси собиқ қўмондони Левон Мнацаканян, унинг ўринбосари Давид Манукян ҳамда Тоғли Қорабоғнинг собиқ ташқи ишлар вазири Давид Бабаянга ҳам тайинланди.
Республиканинг яна икки нафар собиқ президенти Аркадий Гукасян ва Бако Саакян 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Маълум қилинишича, мазкур иш бўйича жами 15 киши жавобгарликка тортилмоқда. Озарбойжон расмийлари уларни “тинчлик ва инсониятга қарши” қатор жиноятларда айбламоқда. Жумладан, агрессив урушга тайёргарлик кўриш ва олиб бориш, геноцид, уруш қонунлари ва одатларини бузиш, шунингдек терроризм, терроризмни молиялаштириш, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаш ва уни зўравонлик билан сақлаб қолиш ҳамда бошқа жиноятлар қайд этилган.