АҚШ президенти Доналд Трампнинг айтишича, Исроил Қатарга қарши яна ҳужум уюштирмайди.
Овал кабинетда журналистлар саволларига жавоб берган Америка раҳбари Исроилнинг яқинда Доҳада амалга оширган ҳаво зарбасига изоҳ берди. Трамп Қатарни “жуда яхши иттифоқчи, лекин кўпчилик бундан бехабар” дея таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Қатарга такрорий зарба берилмаслигини маълум қилган.
Президентнинг таъкидлашича, Исроил “фақат ҲАМАС ҳаракатига эътибор қаратиши мумкин”.
Аввалроқ Axios нашри Вaшингтон зарба ҳақида олдиндан хабардор қилинганини ёзганди. Маълумотларга кўра, Нетаньяху Трамп билан соат 08:00 да гаплашган, зарба эса 08:51 да амалга оширилган. Нашр манбаларига кўра, АҚШ раҳбари ҳужумга эътироз билдирмаган.
Бироқ Трампнинг ўзи бу ҳақда олдиндан билганини инкор этди ва Қатарни “муҳим ҳамкор” сифатида таърифлади. АҚШ расмийлари эса ракеталар учирилганини пайқаб, Исроилдан тушунтириш сўраганини айтди.
9 сентябрь куни Исроил ҳаво кучлари Доҳадаги ҲАМАС музокарачилари жойлашган бинога зарба берди. Натижада олти киши ҳалок бўлди: улар орасида ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Холил ал-Ҳайийнинг ўғли, тўрт нафар ҳаракат жангчиси ва бир қаторлик полициячи бор эди.
10 сентябрда Бош вазир Нетаньяху Қатарга нисбатан янги чора кўриш билан таҳдид қилди: “Ё уларни ҳайдайсиз, ё жавобгарликка тортасиз, бўлмаса, ўзимиз амалга оширамиз”, деди у.