Ёшлик йилларим қишлоқда кечди. Бу ерда рўй берган жуда кўплаб воқеа-ҳодисалар хотирамга бир умрга ўчмас бўлиб муҳрланиб қолган. Уларни тез-тез хотиралаб тураман.
Яхши эслайман, ҳозиргидай шарт-шароитлар, қулайликлар йўқ эди. Аксарият оилалар зўрға кун кўрарди. Айниқса, қишда уй иситиш энг катта муаммога айланарди. Баъзи оилалар қўли калталик қилиб ўтин ҳам ололмас эди.
Тўрт ўғил ва олти қизни оқ ювиб, оқ тараган, фарзандларини не заҳмат чекиб катта қилган онамнинг қиш чилласида кўрсатган жасорати болалик хотираларимнинг энг тўридан мустаҳкам жой олган.
Мактабнинг 3-синфида ўқиётган эдим. 1974 йилнинг январь ойи охирларида қўшни уйда ёнғин чиқди. Бу кўримсизгина уй гуваладан қурилган, томи лойсувоқ, кичикроқ икки хонадан иборат эди. Ёши бир жойларга бориб қолган, ўтириб-туришга ҳам қийналадиган Боғлон момо Турғун деган ўғли ва икки набираси билан бирга яшарди. Оиланинг боқувчиси Турғун ака касалманд, тез-тез шифохоналарда ётиб даволаниб турарди. Уйда ёнғин бўлган куни ҳам Турғун ака касалхонада эди.
Ёнғин бехосдан кечаси, уйдагилар қаттиқ ухлаб қолган пайтда, ўчоқда қолган чўғ тўплаб қўйилган ўтин-чўпларга илашиши натижасида юз берди. Хонадон эгалари тонг отиб, атроф ёришгачгина ёнғиндан хабар топишди. Зудлик билан ҳовлига чиқиб, қўшниларни бақириб-чақириб ёрдамга чорлашди. Бир зумда етиб келган одамлар иложи борича уй ичидаги қўлга илинадиган нарсаларни ташқарига чиқаришга ҳаракат қилишди. Аммо олов уй ичини батамом қамрагани учун кўрпа-тўшак ва бошқа зарур анжомларнинг ҳаммасини ҳовлига олиб чиқолмадилар.
Ёнғинни тўхтатиш имконсизлигини сезган қўшнилар ичкарида қолган Боғлон момони қутқариш тараддудига тушишади. Қўшнилардан бири остонагача борди-ю, тезда ортига қайтди, бошини чайқаб: “Уй ичига сира йўлаб бўлмайди”, деди.
Ёнғин борган сари кучайиб, бир инсоннинг омон қолиш-қолмаслиги ҳал бўлай деб турган бир дам эди. Ҳаттоки эркаклар ҳам хайиқаётган ишга шижоатли бир аёл жазм этди. У мен учун дунёдаги энг азиз ва меҳрибон зот – онажоним эди.
Онам момони қутқариш учун шиддат билан ичкарига кириб кетди. Бу ҳолни бир чеккада, гўё ўзим ҳам ўтда ёнаётгандек ноилож кузатиб турардим. Бир неча сония ўтгач, онажоним беҳуш ётган Боғлон момони опичлаб, деразадан чиқариб, одамлар қўлига тутқазди. Ўзи ҳам чаққонлик билан деразадан чиқиб олди. Онам соғ-омон эканини кўргач, хавотирларим тарқаб, кўнглим жойига тушди.
Орадан жуда кўп йиллар ўтганига қарамай, ёнғин воқеасидан воқиф бўлганлар ҳалигача онажонимнинг жасоратини эслаб туради.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қай бир ёш бирор қарияни ёши учун икром қилса, албатта, Аллоҳ унга ҳам қарилик чоғида ёши учун икром қиладиган кишини муҳайё қилади” (Имом Термизий ривояти), бошқа бир ҳадисда: “Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундаги бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бемор бўлади ва иситмалайди”, деганлар (Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).
Бу дунёда ҳар бир банданинг бошига турли ғам-ғусса, қийинчилик ва машаққатлар тушади. Ислом дини бундай ҳолатларда кишиларни доимо ўзаро ёрдам асосида яшашга чақиради. Айниқса, қийинчиликда қолган кишиларга алоҳида эътибор беришни буюради. Набий (алайҳиссалом): “Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатлардан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Онам ушбу ҳадиси шарифнинг маъноларини қалбига, жисмига, амалига жо қилган жасур аёл эди. У кишини Аллоҳ раҳматига олсин.
Manaba: muslim.uz