Бугун 1 февраль, 2023 йил, чоршанба

O'ZB

“Омадингизни берсин” телеўйини иштирокчилари 2 миллиард сўмга алданди

“Омадингизни берсин” телеўйини иштирокчилари 2 миллиард сўмга алданди

Мамлакатимизнинг тижорат телеканалларида ютуқ учун катта пул мукофоти ҳамда совринлар қўйилган ўйинлар намойиши авж олмоқда. Бундай телекўрсатувларда иштирокчилар осонгина телефон, мебель, йирик маиший техника жиҳозлари, тилла ва автомашиналарни ютиб олишлари мумкин.Телекўрсатувлар рейтинги билан бир қаторда кўрсатувда иштирок этиш истагида бўлганлар сафи ҳам ортиб бормоқда.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига республикамизнинг турли ҳудудларидан телеканалларимизнинг бирида намойиш этилган “Омадингизни берсин” ўйинида қўлга киритган ютуқларини олиш имкони бўлмаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда. Бугунги кунга келиб, “Омадингизни берсин” телеўйини иштирокчиларининг умумий ютуқлари 2 миллиард сўмни ташкил этади.

Шуни таъкидлаш керакки, мазкур муаммо ижтимоий тармоқларда ҳам кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

ТEЛEЎЙИН ИШТИРОКЧИСИ БЎЛИШ ЖУДА ОСОН ВА ОДДИЙ (телевизион ўйинининг низомига кўра):

1.«MАA» савдо белгиси остидаги стикерли маҳсулотларини харид қиласиз.
2. Стикерни ўчириб,махфий кодни топасиз.

3. Кодни телеўйин давомида экранда кўрсатилган қисқа рақамга юборасиз.

Мазкур ўйин “MIA- МАА” МЧЖ ҳомийлигидаги «МАА» савдо белгисидаги маҳсулотларнинг харидорлари ўртасида ўтказилмоқда. Ўйин давомида телефон рақамлар базасидан “Random” дастури ёрдамида кейинги сон иштирокчиларининг телефон рақамлари аниқланади.

СИЗ ПЛАНШЕТ, ТЕЛЕФОН, МЕБЕЛЬ… АВТОМОБИЛЬ ЮТИБ ОЛДИНГИЗ!

Телеўйиннинг соврин жамғармаси турли ютуқлардан ташкил топган:телефон, планшет,ноутбук,юмшоқ мебеллар,турли маиший техника,тилла (турли граммда) ва бош соврин – автомобиль.

Ҳар ҳафтада намойиш этилиб, тезда машҳурликка эришган “Омадингизни берсин” телекўрсатувининг қоидасига кўра, иштирокчилар 2та бўлакдаги соврин макетини топгандан сўнггина шу ютуққа эга бўладилар. Мисол учун, “Омадингизни берсин” кўрсатувининг 13-сонида Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи Х.Хга омад кулиб боқди ва у қуйидаги совринларни ютиб олди:

1.Кир ювиш машинаси.

2.Музлатгич.

3.Газ плитаси.

4.Микротўлқинли печь.
5.Чангютгич.

6.Планшет,

7.Смартфон …
8. ва яна 50 миллион сўм

Албатта, бу катта миқдордаги соврин. Сизни телеканалда кўрсатишади, ғолиб деб эълон қилишади, аммо кўрсатув суратга олингандан сўнг, телеўйин низомига кўра, телеўйин эфирга узатилгандан сўнг 90 банк иш куни ичида ҳомийдан совринлар берилиши мумкинлигини хабардор қилишади. Иштирокчи бир ой, икки ой кутади, 90 кун ўтади, лекин ваъда қилинган совриндан дарак бўлмайди. Телеўйин эса телеканал орқали давом этади ва бошқалар ҳам у каби бир нечта қимматбаҳо совринларни ютиб олишаяпти.
Бундай ҳолатга телекўрсатувнинг 4-сонида иштирок этиб, 20 миллион сўм ютиб олган Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи М.У. ҳам дуч келди.
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида яшовчи О.Ж. жорий йилнинг 10 август куни бўлиб ўтган “Омадингизни берсин” кўрсатувининг 10-сонида бир йўла 10 миллион сўм, кир ювиш машинаси, ноутбук ва “Нексия 3” автомашинасини ютиб олди. Лекин шу кунгача кутган совринлари ва машинаси ҳам берилмади.

Жорий йилнинг 28 май куни Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи А.М. ютган «Дамас» автомашинасини ҳам етказилмади.
Наманган вилоятида яшовчи М.М. газ плитаси, чангютгич, 2 дона смартфон, велосипед, планшет, ноутбук, 20 миллион сўм ютиб олди. Шу кунгача у ҳам совғага эга бўлмади.

Ноутбук, смартфон, музлатгич, чангютгич ва “Дамас» автомашинасини қўлга киритганлардан яна бири Хоразм вилоятида яшовчи А.Р. ҳам ҳанузгача ўз ютуқларини кутмоқда.

Агентлик сўрови ва ўйин ҳомийси тақдим этилган маълумотга кўра, намойиш этилган кўрсатувнинг жами 15 та сони ғолибларидан фақат 1,2,3 ва 12-сонларида бир нафардан иштирокчи ўз ютуқларини қўлга киритган, холос. Қолган 55 иштирокчи бугунги кунгача совринларини кутишмоқда.Таъкидлаш жоизки, телеўйинга иштирок этиш ва соврин ютиш умидида республикамизнинг турли вилоятларидан иштирокчилар пойтахтга келишган.

“РЕКЛАМА ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУНГА МУВОФИҚ:

Қимматбаҳо совринлар тарқатиладиган ва (ёки) ўйналадиган рағбатлантирувчи акцияларни ёхуд ушбу акцияларда иштирок этиш учун рекламадан фойдаланувчи томонидан бирор-бир ҳаракатлар амалга оширилишини назарда тутадиган рағбатлантирувчи акцияларни ўтказиш чоғида реклама берувчи рағбатлантирувчи акцияни ўтказиш бошлангунига қадар оммавий ахборот воситаларида ва (ёки) эркин фойдаланиладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборот ресурсларида акцияда иштирок этиш шартларини эълон қилиши шарт.

Рағбатлантирувчи акциялар ўтказилиши тўғрисидаги ахборотда ютуқни олиш эҳтимолини ошириб кўрсатувчи иборалар бўлмаслиги керак.

Тегишли мукофот фонди мавжуд бўлмаган ҳолда рағбатлантирувчи акцияларни ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланади.

Ундан ташқари иштирокчилари телеўйин низомидан хабардор бўлмаган ва уларга маълумотлар давлат тилида тақдим этилмаган.Бу билан Қонуннинг 21 моддасига хилоф иш тутилган.

Ўз навбатида Агентликнинг Махсус комиссияси томонидан “MIA- МАА” МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 21-моддалари талаблари бузилганлиги ҳолати бўйича иш қўзғатилган ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан Кўрсатма берилган.

Шу билан бирга Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.

Киритилди: 14:10 28.11.2022. Ўқилди: 4089 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!