Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган "Ойдин деҳқон бозори"да йирик ёнғин содир бўлди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, 30 август куни соат 05:18 да Олмалиқ шаҳрининг "Ҳамза" МФЙ ҳудудида жойлашган бозорда ёнғин юз бераётгани ҳақида хабар келиб тушган.
"Хабарга асосан, ёнғин-қутқарув бўлинмалари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғин қуршаб олинган ва соат 07:12 да тўлиқ ўчирилган", — дейилади ФВВ баёнотида.
Вазирлик маълум қилишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ҳақида ҳозирча маълумот келиб тушмаган.
Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.