2018 йилги жаҳон чемпионатининг чинакам сенсатсияси қайд этилди. Мессиси бор Аргентина Мессидек футболчиси йўқ Хорватияга йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Бу умуман кутилмаган ҳодиса, албатта. Бундай бундай шармандали мағлубиятнинг сабаблари нималардан иборат?
МУРАББИЙ
Биринчи айбдор, албатта, мураббий. Хорхе Сампаоли Исландияга қарши ўйиндан кейин дурангдан норози бўлиб, учта ўзгаришни амалга оширди. Оқибатда ана шу учта ўзгариш ўз “сўзини айтди”: жамоа жавобсиз 3 та гол ўтказиб юборди. Сампаолининг асосий таркибни танлашдаги энг қўпол хатоси Игуаин, Дибала ва Ди Марияни захирада қолдиргани бўлди. Ахир қандай қилиб бундай футболчилар захирада ўтириши мумкин? Қайси ақл билан бу футболчиларнинг ўрнига Меса ёки бошқа футболчига ишонч билдириш мумкин? Бунинг жавобини Сампаолидан бошқа ҳеч ким билмаса керак.
ОЖИЗ ТОМОНЛАР
Аргентинанинг ожиз томонлари бу сафар ҳам панд берди. Ҳимоя аргентиналикларнинг нозик жиҳати эканлиги айтилаётганди ва шундай ҳам бўлди. Қолаверса, дарвозабон чизиғИ ҳам талаб даражасида эмас. Шу ерда ҳам Сампаолининг хатоси кўзга ташланади — бизнингча, Кабалеродан кўра Серхио Ромеро яхшироқ вариант эди. Ҳар ҳолда “МЮ” сафида унинг фантастик ўйинларини кўрганмиз. Бугун ҳам Аргентина ана шу нуқсонлар туфайли мағлуб бўлишди.
ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?
Вазият жуда оғир. Хорватия кейинги босқичга чиқиб бўлди. Бугун Нигерия ва Исландия ўртасидаги беллашув кўп нарсани ҳал қилади. Агар Исландия ғалаба қозонса, 4 очко тўплайди ва иккинчи ўринга жойлашади. Охирги турда эса Хорватия биланг дуранг қайд этса ёки минимал ҳисобда мағлуб бўлса ҳам иккинчи ўрин билан кейинги босқичга чиқади. Чунки айни дамда исландларнинг тўплар нисбати аргентиналикларникидан яхшироқ. Бордию Нигерия зафар қучса, ҳамма нарса охирги турга боғлиқ бўлади. Африка қитъаси вакилларига дуранг ҳам кифоя қилади ва бу ўйинда Нигерияни мағлуб этиш Аргентина учун чинакам жумбоққа айланади. Демак, Аргентина учун энг яхши вариант Исландия ва Нигериянинг дуранг ўйнаши. Бу масала бугун ечимини топади.
Нима бўлганда ҳам, бугун Мессини шунчаки қурбон қилишди. Агар Аргентина гуруҳ босқичидаёқ мусобақани тарк этса, Лео ҳақиқий қурбонга айланади. Нега фақат Лео дейишингиз мумкин, гап шундаки, у навбатдаги “Олтин тўп” учун курашмоқда. Қолаверса, Марадонадан ўзиб кетишга интиляпти, агар бу сафар ҳам ЖЧда омадсизликка йўлиқса, унинг орзулари яна 4 йилга чўзилади.
Кўрамиз, бу гуруҳдаги масала қандай ечим топаркин?