Фазилат (исм-шарифлар ўзгартирилган) сингил сифатида опасининг тақдири учун қайғуриши, куйиб-ёниши бошига фалокат олиб келиб, ҳаётига нуқта қўйилишини, бир пайтлар севимли бўлган поччасининг қўлида ўлим топишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Шавкат ҳам жиноятчи, деган ном олиб, оиласи пароканда бўлишини, қайнсинглисининг қотилига айланиб, панжара ортига йўл олишини тасаввур қилмаганди. Аммо ҳаёт ҳар доим ҳам биз ўйлагандек давом этмаскан, бир онийлик қаҳр-ғазаб, жаҳл инсоннинг ҳаётини тубдан ўзгартириб, унинг оқимини бошқа томонга буриб юборишга қодир экан...
"Ҳаммаси учун жавоб беради..."
Шавкат Раҳимов турмуш ўртоғи Анора Раҳимова билан сўнгги пайтларда умуман келишмай қолди. Арзимаган нарсадан чиққан тушунмовчилик катта жанжалга айланиб кетди. Шундан кейин Анора болаларини етаклади-ю, қизлик уйига кетиб қолди. Шавкат мазкур низода ўзини эмас, негадир қайнсинглиси Фазилатни айблади. Агар у опасининг тарафини олиб, жанжалга аралашмаганда, "Эр-хотиннинг уруши, дока рўмолнинг қуриши" деганларидек Анора билан аллақачон ярашиб олган бўларди. "Ҳаммасига Фазилат айбдор... Агар у бўлмаганда, Анора кетиб қолмасди. Ҳаммаси учун Фазилат жавоб беради, ундан аламимни оламан..." деган фикр унинг ақлини ўтмаслаштирди, кўнглида қасд олишдек хусуматни уйғотди...
"Оёғим синганлиги сабабли ишлай олмадим"
Судда сўралган Шавкат Раҳимов ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қуйидагича кўрсатма берди:
– Анора билан 2007 йилнинг декабрь ойида қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурганмиз. Турмушимиз давомида икки нафар фарзандли бўлдик. Кейинги пайтларда ўзаро келиша олмаганлигимиз сабабли у 2015 йилнинг март ойида мени судга берди. Шундан кейин фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг буйруғига асосан, икки нафар фарзандим учун алимент тўлай бошладим. Кейинчалик турмуш ўртоғим билан ўзаро ярашиб, муносабатларимиз яхшилангани учун яна биргаликда яшай бошладик. Оиламни боқиш учун Тошкент шаҳрининг турли жойларида ижарада яшаб, мардикорлик қилдим. 2019 йилнинг 14 февраль куни Тошкентда маст ҳолатда оёғимни синдириб олдим. Бу воқеадан сўнг ҳеч қаерда ишламасдан, уйда ётиб қолдим. Пул топмаганим сабабли Анора билан ўртамизда яна жанжал бошланди. У болаларни олиб, онасининг уйига кетиб қолди. Мен бир неча маротаба бориб, уни олиб келишга ҳаракат қилдим, аммо қайнона-қайнотам ярашишимизга қаршилик қилишди. Қайнсинглим Фазилат эса "Ўзи сенинг авлодинг бузуқ, эркак эмассан...", деб ҳақорат қилди.Бу гап жуда кўнглимга оғир ботди. Эртаси куни туман МИБдан қўнғироқ бўлди. Борсам, Анора болаларнинг алименти юўйича мурожаат қилган экан.У ерга қўшним Икром билан боргандим, қайтишда иккаламиз ошхонага кириб, овқатландик, спиртли ичимлик истеъмол қилдик. Уйга қайтаётганда маст бўлиб қолгандим. Негадир миямда Фазилатнинг ҳақоратли сўзлари айланаверди. Уйга келиб, ошхонадан пичоқ олдим-у, у ишлайдиган "Пайнет" шахобчасига йўл олдим. Унинг ёлғиз қолишини, одамларнинг чиқиб кетишини кутдим. Ҳеч ким қолмагандан кейин унинг олдига яқинлашдим. Аммо Фазилат мени кўрган бўлса-да, кўрмасликка олди. Унинг менсимаётганлиги баттар жаҳлимни чиқарди. Ғазабдан ўзимни бошқара олмай, пичоқ билан Фазилатга ташландим ва танасининг дуч келган жойига пичоқ санчдим. Фазилат ҳушини йўқотди, шу пайт хонага кириб қолган одамлар бизни ажратиш учун устимга турли буюмларни улоқтиришди. Шундан кейин ўзимга келдим. Айни пайтда қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман...
Ҳукм ўқилди
Шавкат Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топди ва унга шу модда билан 13 (ўн уч) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Унга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди.
Абдуманнон Шайдоев,
жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари