Одам савдоси билан боғлиқ жиноятда гумон қилиниб, халқаро қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси Туркияда қўлга олинди.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, 1981 йилда туғилган Н.Е. узоқ вақтдан буён ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қидириб келинган.
Тергов версиясига кўра, у ёш қизларга юқори маошли иш ваъда қилиб, уларни Туркияга олиб келган ва кейинчалик ҳужжатларини олиб қўйган ҳолда эксплуатация қилганликда гумон қилинмоқда.
Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчи Истанбул шаҳрида аниқланган.
Шундан сўнг у қўлга олиниб, белгиланган тартибда Ўзбекистоннинг ваколатли органларига топширилган.
Айни пайтда унга нисбатан Жиноят кодексининг одам савдосига оид моддаси бўйича тергов ва бошқа процессуал ҳаракатлар давом этмоқда.