Бугун 26 март, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Очиқ мулоқот — тадбиркорлик ривожининг янги босқичи

Очиқ мулоқот — тадбиркорлик ривожининг янги босқичи

Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар бевосита Президентимизнинг ташаббуслари ва алоҳида эътибори билан амалга оширилмоқда.

Бундан беш йил олдин йўлга қўйилган хайрли тажриба — «Тадбиркорлар куни» арафасида Президентимизнинг соҳа вакиллари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувлари бугун изчил анъанага айланди.

Бу борада, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-138-сон Фармони билан тадбиркорликни ривожлантиришнинг 7 та асосий йўналиши бўйича 72 та қонунчилик ҳужжатини ишлаб чиқиш белгиланди.

Шунингдек, Фармонда ташқи иқтисодий фаолият ва туризмни ривожлантириш, солиқ тўловчиларни рағбатлантириш масалалари ҳамда чора-тадбирларни амалга оширишнинг молиявий ресурслари ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш каби йўналишларда белгилаб берилган 70 га яқин аниқ вазифалар ижроси бугунги кунда тадбиркорликни янада ривожлантиришда асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Фармон ижроси доирасида Бизнес-омбудсман зиммасига молиявий жарималарни тизимлаштириш ва асоссиз равишда жарималар қўллашга жавобгарлик белгилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш борасида муҳим вазифалар юклатилди.

Бугунги кунда назорат органлари томонидан жарима қўллашда ягона механизмнинг йўқлиги турли хил ёндашувларни юзага келтирмоқда.

Мисол учун, Солиқ кодексига кўра, айбига иқрор бўлиб, жаримани ўн кун ичида ихтиёрий тўлаган тадбиркорга жарима миқдори икки бараварга камайтирилади.

Бироқ, ушбу енгиллик “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги, “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қонунлар асосида қўлланиладиган жарималарга нисбатан назарда тутилмаган.

Мисол тариқасида рақамларга тўхталадиган бўлсак, Самарқанд вилоятида солиқ органлари қўллаган жарималар ихтиёрий тўланганлиги натижасида икки бараварга ёки 29,1 млрд сўмга камайтирилган бўлса, рақобат ва реклама қонунчилиги бўйича қўлланилган 2,1 млрд сўмлик жарималарнинг атиги 92,7 млн сўми ихтиёрий тўланган.

Шунингдек, вилоят бўйича бевосита тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимояси доирасида сўнгги икки йилда суд ва юқори идоралар томонидан жами 46,4 млрд сўмлик молиявий санкциялар асоссиз деб топилиб, бекор қилинган.

Шу сабабли, Бизнес-омбудсман томонидан ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаларида барча молиявий жарималарни хатловдан ўтказиш ва битта қонун билан тизимлаштириш, шунингдек тадбиркорлик субъектига нисбатан асоссиз равишда жарималар қўллаган мансабдор шахснинг маъмурий жавобгарлигини белгилаш назарда тутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Фармонда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада соғломлаштиришга ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Н.Намозов,
Бизнес-омбудсман девони етакчи инспектори

Киритилди: Бугун 17:43. Ўқилди: 267 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!