Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва ссудалар ажратиш тартибини белгиловчи идоравий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳужжат 2026 йил 7 май куни 3832-сон билан рўйхатга олинган.
Унга кўра, субсидиялар Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги мақсадлар учун иш берувчиларга ажратилади:
🔹 бандлик бўлими йўлланмаси билан ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш харажатларини қоплаш учун — ҳар бир ходимга 6 ой давомида ҳар ой БҲМнинг 4 баравари миқдорида;
🔹 аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини белгиланган энг кам миқдордан ортиқ ишга қабул қилиш учун — ҳар бир ходимга 12 ой давомида ҳар ой БҲМнинг 2 баравари миқдорида;
🔹 иш ўринлари ва меҳнат шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун — ҳар бир мослаштирилган иш жойига БҲМнинг 40 бараваригача;
🔹 жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга, мазкур шахс 3 ойдан ортиқ меҳнат фаолиятини давом эттирганидан сўнг — бир марталик БҲМнинг 3 баравари миқдорида.
➖ Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январга қадар қуйидаги субсидиялар ажратилади:
🔸 ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарига халқаро даражада тан олинган касбий таълим сертификатлари ҳамда миллий сертификатларни олиш учун сарфланган харажатларнинг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 20 бараваригача;
🔸 малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 200 бараваридан ошмаган миқдорда.
➖ Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида жиҳозлар, асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари ва хомашё харид қилиш, интернет хизматларига уланиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш учун 3 йилгача, 6 ойлик имтиёзли давр билан БҲМнинг 75 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади.
➖ Талабгорлар субсидия ва ссудаларни олиш учун my.gov.uz, “Ягона миллий меҳнат тизими” ҳамда "Online маҳалла" электрон платформалари орқали мурожаат қилишлари мумкин.