Ҳозирги вақтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 9 та ўрта махсус Ислом билим юрти ва 2 та олий диний таълим муассасаси мавжуд. Келинг, бугун ушбу даргоҳлардаги тўлов-контракт нархи билан қизиқсак. 2017-2018 ўқув йилида ўрта махсус Ислом билим юртларида тўлов-контракт нархи 5 600 000 сўмни ташкил қилган. Нотўғри эшитмадингиз, ушбу даргоҳларда (ўрта махсус бўлса ҳам) тўрт йил давомида тўлов-контракт асосида ўқилади. Ҳа, айтганча, стипендия ҳам мавжуд бўлиб, жорий ўқув йилида унинг суммаси 20 000 сўмни (!) ташкил қилган.
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасида эса тўлов-контракт нархи 7 475 000 сўм бўлиб, стипендия 100 000 сўмни ташкил қилган.
Ўрта ва олий Ислом билим юртларининг ҳеч бирида грант асосида ўқишнинг имкони мавжуд эмас, барча тўлов-контракт асосида таълим олади. Ҳозирги вақтда диний таълим олишни истаган йигит-қизлар 8 йил давомида фақатгина тўлов-контракт асосида ўқишга мажбур.
Энди савол туғилади: нима учун ўрта махсус диний таълим муассасаларида ҳам контракт асосида таълим олинади? Нима учун стипендия жуда оз? Келинг, ушбу саволларга ҳам ўзим жавоб берсам: ҳар бир таълим муассасаси биз айтаётган контрактларга боғланиб қолган. Таълим муассасасида ўқитувчиларга бериладиган маошидан тортиб, фаррошнинг маошигача ўша контракт суммаларидан қопланади. Бунинг устига, талабалар сонининг озлиги ҳам контракт суммасига таъсир этмай қолмайди.
Ушбу масалани ҳал этишнинг йўллар мавжуд бўлиб, улардан бири қабул квотасини оширишдир. Бундан ташқари, ҳар бир киши қилиши мумкин бўлган ишлардан бири – бу диний таълим муассасасига келиш ва талабаларнинг контрактига баҳоли қудрат ўз ёрдамини бериш.
Сиз нима дейсиз, диний таълим олувчи ёшларнинг тўлов-контракт нархини камайтириш ёки йўқотиш учун нима қилса бўлади?
Муҳаммадсодиқ БАХТИЁРЗОДА
Manba: azon.uz