Никол Пашинян Арманистон ҳудуди орқали транзит газ қувури қурилишини эълон қилди – Интерфакс.
"Бугунги кунда бизда шарқдан ғарбга темир йўл бор, биз учун Ахалкалаки — Карс (Грузия — Туркия) темир йўли очилди, Озарбойжон ҳудуди орқали темир йўл очиқ, тез орада ТRIPP ("Трамп йўналиши") очилади, мамлакатимиз ҳудудидан газ қувури ўтади ва биз ушбу транзит эвазига газ оламиз", — дейди Пашинян.
У бошқа тафсилотларни очиқламади, бироқ Арманистон муқобил энергетикани ҳам ривожлантиришини таъкидлади. Бундан ташқари, сиёсатчи мамлакатда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёнини бошлаш ҳақидаги қонун қабул қилинганини маълум қилди:
"Арманистон бир вақнинг ўзида ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) аъзоси бўлиб қолиши ва Европа стандартларига эришиш учун ислоҳотларни давом эттириши мумкин экан, биз бу йўлдан борамиз. Танлов вақти келганда, биз танлов қиламиз... Бизда муқобил бўлиши керак, токи ҳеч ким Арманистон ҳақида: "У кимга керак, қаерга ҳам борарди?" дея олмасин", — дея таъкидлади Пашинян.
Аввалроқ Россия 2013 йилдаги Арманистонга табиий газ, нефт маҳсулотлари ва ишлов берилмаган олмосларни божсиз етказиб бериш тўғрисидаги битимни тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш билан таҳдид қилган эди.
Бунга жавобан Пашинян "Арманистонни юқори нархлар билан қўрқитиш мантиқсиз, чунки мамлакатда бу қиммат туюлмаслиги учун анча кўпроқ пул бўлади", деб айтган.