2026 йил 1 январдан бошлаб Нидерландияда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар ўртача 4 фоизга оширилади. Энг катта ошиш рулда махсус hands-free қурилмасиз телефон ишлатиш билан боғлиқ: энди бу қоидабузарлик учун 440 евро тўлашга тўғри келади.
Тезликни ҳатто озгина ошириш ҳам қимматга тушади. Шаҳарда тезликни 5 км/соатга ошириш — 46 евро, автобанда 20 км/соатга ошириш эса 229 евро жаримага олиб келади. Қизил чироқда ўтишнинг жаримаси камида 320 еврони ташкил этади. Нотўғри тўхташ учун жарималар 130 евродан бошланади, ногиронлар учун ажратилган жойда ноқонуний тўхташ эса 400 еврога тушади.
Шунингдек, тажовузкор ҳайдаш ҳам қатъий жазоланади: ўнг томондан қувиб ўтиш — 320 евро, автомобиллар орасидаги масофани жуда қисқа сақлаш — 380 еврогача жаримага сабаб бўлади. Энг муҳими, жаримадан қочиб қутулиб бўлмайди: Нидерландия жарималари чет элда ҳам ундирилади, тўлов кечиктирилса, жарима миқдори тезда ошиб боради.