Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Эронга қарши можаро вақтида махфий равишда Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюрганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ташриф давомида мамлакат президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашув бўлиб ўтган.
«Бу ташриф Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги муносабатларда тарихий бурилиш бўлди», — деди бош вазир.
Ҳукумат раҳбари матбуот хизматига кўра, музокаралар можаро давридаги мувофиқлаштириш ишларининг бир қисми бўлган. Шунингдек, ташриф икки давлат ўртасидаги муносабатларда «тарихий ютуқ»ка олиб келгани таъкидланган.
Аввалроқ америкалик амалдорлар Исроил Эрон билан уруш вақтида БААга “Темир гумбаз” ҳаво мудофаа тизими батареяси ва унга хизмат кўрсатувчи ҳарбийларни юборганини тасдиқлаган эди.
Бундан ташқари, манбаларга кўра, Исроил разведкаси раҳбари Давид Барнеа можаро давомида камида икки марта БААга ташриф буюриб, ҳаракатларни мувофиқлаштирган. Томонлар йирик Эрон нефть-кимё объектига қилинган ҳужум пайтида ҳам ҳамкорлик қилгани айтилмоқда.
Исроил ва БАА ўртасидаги муносабатлар 2020 йилда нормаллаштирилган. Шунингдек, 2018 йилда ҳам Нетаньяҳу мамлакат раҳбарияти билан учрашиш учун махфий ташриф буюргани ҳақида хабарлар тарқалган эди.