Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 2026 йилда ўтказилиши кутилаётган парламент сайловларида қайта номзодини қўяди. Бу ҳақда унинг “Ликуд” партияси маълум қилди, деб ёзди Reuters.
Партия тарқатган қисқа баёнотда Нетаняҳу сайловларда иштирок этиши ва ғалаба қозонишига умид билдирилган. Исроилда навбатдаги сайловлар ҳали расман эълон қилинмаган бўлса-да, улар октябр ойигача ўтказилиши керак.
Мазкур баёнот АҚШ президенти Доналд Трампнинг Нетаняҳунинг сиёсий келажаги ҳақидаги изоҳларидан сўнг эълон қилинди. Трамп журналистларга Нетаняҳу яна сайловда қатнашадими ёки йўқми, аниқ билмаслигини айтганди.
Бу сайловлар Исроилда 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС уюштирган ҳужумдан кейинги илк парламент сайловлари бўлади. Ўша воқеалардан сўнг Исроил Ғазо секторида ҳарбий амалиёт бошлаганди.
Нетаняҳу 2022 йил декабр ойида ҳокимиятга қайтганидан буён мамлакат ичида ҳам кескин баҳслар марказида қолмоқда. Турли сўровномалар у бошчилигидаги коалиция навбатдаги сайловларда парламентда кўпчилик ўринларни қўлга кирита олмаслигини кўрсатмоқда.
Қуддусдаги Исроил Демократия институти томонидан 9 июн куни эълон қилинган сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 61 фоизи Нетаняҳу яна сайловларда қатнашмаслиги керак деб ҳисоблайди. Бироқ таҳлилчилар мухолифат партиялар ҳам мустақил равишда парламентда кўпчиликни шакллантира олмаслигини қайд этмоқда.