Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу миллий хавфсизликнинг янги доктринасини тақдим этди. У Эрон режими ағдарилишига эришиш ва мамлакатнинг стратегик мақсадларини амалга ошириш учун ҳарбий операцияларни давом эттириш нияти борлигини билдирди.
Ғарбий Қуддусдаги ўз идорасида исроиллик журналистлар билан ўтказилган брифингда Нетаньяҳу 27 октябрга белгиланган сайловлар «экзистенциал аҳамиятга эга» эканини таъкидлаб, белгиланган ҳарбий вазифаларни бажаришга ваъда берди. Бу ҳақда The Times of Israel нашри хабар берди.
Бош вазир девони қарийб икки соат давом этган учрашувнинг видеёзувини эълон қилди. Нашр маълумотларига кўра, брифингни Исроил оммавий ахборот воситаларининг кўпчилиги бойкот қилган.
Нетаньяҳу превентив зарбаларни янги доктринанинг асосий тамойилларидан бири деб атади. Унинг сўзларига кўра, Эроннинг ядровий мақсадлари Исроил учун асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда, Эрон режимини ағдариш эса муҳим стратегик мақсад ҳисобланади.
Бош вазир, шунингдек, Эрондаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашувини аҳоли норозилигининг кучайиши ва янги намойишлар эҳтимоли билан боғлади.
«Бизнинг режамиз режимнинг ағдарилишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ва ўта қатъий режадир. Бу менинг барча хавфсизлик идораларига берган кўрсатмам», — деди Нетаньяҳу.
АҚШ кўмагисиз Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш имконияти ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у Исроил хавфсизлик масалаларида Вашингтонга боғлиқ эмаслигини таъкидлади.
«Биз зарурат туғилганда мустақил ҳаракат қиламиз. Илгари ҳам шундай қилганмиз ва зарур бўлса, яна шундай қиламиз», — деди бош вазир.
Босиб олинган Ғарбий соҳилда исроиллик кўчманчиларнинг фаластинликлар, хорижлик фаоллар, журналистлар ва дипломатларга ҳужумлари ҳақида фикр билдирар экан, Нетаньяҳу ҳужум қилувчиларни «исёнчилар» деб атади. Бироқ у бу муаммонинг кўламини кичрайтириб кўрсатиб, бундай ҳодисаларга халқаро эътибор қаратилиши ва уларнинг қораланиши бўрттириб юборилаётганини айтди.
Ғазо сектори ҳақида гапирар экан, бош вазир ҲАМАС қуролсизлантирилмагунча анклавнинг қайта тикланишига йўл қўймаслигини яна бир бор таъкидлади.
Ливан масаласида Нетаньяҳу Ливан ҳукуматидан «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантиришни яна талаб қилди ва акс ҳолда Исроилнинг ўзи зарур чораларни кўришини огоҳлантирди.
Нетаньяҳу Дональд Трампнинг президентлик муддати тугагунига қадар Исроилнинг АҚШ билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун вақт чекланганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, икки йилдан кейин Вашингтонда Исроилга нисбатан ўта душманона муносабатда бўлган президент ҳокимиятга келиши мумкин.
«Биз ушбу икки йил давомида қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз, минтақамизда ва ундан ташқарида кўплаб иттифоқлар тузиш устида ишлашимиз керак», — деди бош вазир.
Исроилнинг эҳтимолий ҳамкорлари қаторида у Ҳиндистон ва Лотин Америкаси мамлакатларини тилга олди. Нетаньяҳунинг айтишича, араб ва Европа давлатлари ҳам Исроил билан яқинлашишга интилмоқда, қурол етказиб бериш ва мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Исроил қурол-яроғ ишлаб чиқаришни, жумладан, ер ости ҳарбий объектларини барпо этишни режалаштирмоқда. Мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун жами қарийб 145 миллиард доллар йўналтириш кўзда тутилган.
Нетаньяҳу сайловлар арафасида бир миллат вакилларидан иборат ҳукумат тузишга интилаётгани ҳақидаги даъволарни ҳам рад этди. Унинг таъкидлашича, аксинча, у кенг асосга эга бўлган ҳукуматни шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.