Қозоғистон Конституциявий суди “Биринчи президент – Элбоши тўғрисида”ги қонунни ўз кучини йўқотган деб топди, дейилади суд сайтида.
Бир гуруҳ депутатлар Конституциявий судга илтимос билан мурожаат қилишди. Суд қарорида айтилишича, 2022 йил июндаги конституцияга киритилган ўзгартиришдан сўнг Aсосий қонунда биринчи президент тўғрисидаги қонунни сақлаб қолиш учун асос йўқ.
Бу қонун Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга жиноий таъқиблардан дахлсизликни, унинг мулки ва оила аъзоларининг мол-мулки дахлсизлигини, девонхонаси бюджетдан молиялаштирилишини кафолатларди. 2019 йилнинг март ойидан буён ушбу девонхона учун тўққиз миллиард тенге (11,3 миллион доллар)га яқин маблағ ажратилган.
Конституциявий суд қарор қабул қилинган кундан бошлаб кучга кириши, Қозоғистоннинг бутун ҳудудида мажбурий бўлиши ва шикоят қилиниши мумкин эмаслигини таъкидлади.
2022 йил 5 июнь куни Қозоғистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Бу мамлакат тарихида биринчи марта асосий қонунга умумхалқ овоз бериш йўли билан киритилган ўзгартиришлар бўлди. Конституцияга янги қоида киритилди – эндиликда президентнинг яқинларига юқори давлат лавозимларини эгаллашга рухсат берилмайди. Президентлик эса етти йиллик битта муддат билан чекланди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил кузида Қозоғистон Биринчи Президент кунини давлат байрамлари рўйхатидан чиқариб ташлади ва пойтахт номини Остона деб ўзгартирди.