5 март куни Озарбайжоннинг Нахичеван Мухтор Республикаси ҳудудига дронлар билан ҳужум амалга оширилди.
Маълум қилинишича, дронлар Эрон ҳудудидан учирилган. Улардан бири Нахичеван халқаро аэропорти терминал биносига, иккинчиси эса Бобек тумани Шекерабад қишлоғидаги мактаб биноси яқинига тушиб портлаган.
Ҳодиса оқибатида аэропорт биносига зарар етган, икки нафар тинч аҳоли вакили жароҳат олган.
Воқеа жойига ўт ўчирувчилар ва тез тиббий ёрдам гуруҳлари жалб қилинган.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳужумни қатъий қоралаб, уни халқаро ҳуқуқ нормаларига зид деб баҳолади. Шу муносабат билан Эроннинг Озарбайжондаги элчиси Мужтаба Дармичелу вазирликка чақирилган.
Боку Теҳрондан ҳодиса бўйича изоҳ бериш ва бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун тезкор чоралар кўришни талаб қилди. Озарбайжон томони эса зарур жавоб чораларини кўриш ҳуқуқини сақлаб қолишини маълум қилди.