Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Навоийда қотиллик содир этган шахс 22 йилга кесилди

Навоийда қотиллик содир этган шахс 22 йилга кесилди

Жорий йилнинг 2019 йил ноябрь ойининг 7 куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди биносида, очиқ суд мажлисида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 25,97-моддаси 2-қисмининг “а,ж” бандлари ва 97-моддаси 2-қисмининг “а,ж” бандлари билан Н.Омонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган)га оид жиноят иши кўрилди.

Н.Омонов 2019 йил 28 июнь куни соат 07:35ларда Кармана тумани “ХХХ” МФЙ Янги токчи кўчаси ххх-уйга бориб, синглиси С.Омонованинг ўз жонига қасд қилишида қайнонаси Д.Жумаева ва унинг оила аъзоларини айблаб, уларни қасддан ўлдириш мақсадида, уни хонадон дарвозахонасида қарши олган А.Жумаевани ўзи билан олиб борган пичоқ ёрдамида, онаси ва синглисининг кўз ўнгида ўта шафқатсизлик билан ҳаёти учун муҳим аъзоси ҳисобланган кўкрак соҳасига, чап кўкрак орқа томонига, қорин бўшлиғига ва чап қўл билагига бир мартадан жами тўрт маротаба уриб, А.Жумаевага чап қўл билак соҳасида кесилган яра, кўкрак ва қорин бўшлиғида тешиб кирган жароҳатлар кўринишидаги ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган.

А.Жумаевага кўрсатилган тез тиббий ёрдам натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Шунингдек, Н.Омонов жиноий ҳаракатларини давом эттириб,  шу куни ҳовли ичкарисига қараб қочган З.Жумаевани қувиб етиб, қўлидаги пичоқ билан онаси ва тан жароҳати олган опасининг кўз ўнгида ўта шафқатсизлик билан ҳаёти учун муҳим аъзоси ҳисобланган чап қўлтиғига бир марта, бўйин соҳаси ва чап елкасига икки мартадан ва кўкрак соҳасига уч марта жами саккиз маротаба уриб тан жароҳати етказган, натижада З.Жуаева Кармана туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Шундан сўнг, Н.Омонов жиноий ҳаракатларини давом эттириб, уйнинг тандирхонаси томонга қочган Д.Жумаевани ҳам қувиб етиб, қўлидаги пичоқ билан фарзандлари кўз ўнгида ўта шафқатсизлик билан ҳаёти учун муҳим аъзоси ҳисобланган орқа чап курак соҳаси, қўлтиқ соҳаси, умуртқа соҳаси чап томонига бир мартадан ва чап қўл елкасига икки марта жами беш маротаба санчган вақтида, мазкур пичоқнинг тиғ қисми синиб, Д.Жумаева танасининг орқа умуртқа соҳаси чап томонида қолиб кетган, Н.Омонов эса тан жароҳати етказган пичоқнинг даста қисмини олиб, воқеа жойидан яширинган, олган тан жароҳатлари оқибатида Д.Жумаева воқеа жойида вафот этган.

Судланувчи Н.Омонов судда, айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, синглисининг вафотидан сўнг шу ишларни қилиб қўйганлигини, Жумаевларларнинг оила аъзоларидан кечирим сўрашлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, енгиллик беришни сўради.

Судланувчи Н.Омоновнинг суд ҳукмида кўрсатилган жиноятларни содир қилганлиги ҳодиса содир бўлган жойни, жабрланувчиларнинг мурдасини, транспорт воситасини кўздан кечириш баённомалари ва фотосуратлари, нарса ва буюмларни олиш тўғрисидаги баённомалар ва фотосуратлар, республика суд-тиббий хулосаси, экспертиза хулосалари, суд-психиатрия экспертизасининг хулосаси, далилий ашёлар, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари ҳамда тергов ҳаракатлари тасвирга туширилган дисклар ҳамда ишдаги бошқа далиллар билан тасдиқланди.

Суд ҳайъати ҳимоячининг Н.Омоновнинг ҳаракатларини кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдирганликда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 98-моддасига қайта квалификация қилиш ҳақидаги важлари билан келишмади.

Одам ўлдириш кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида содир этилган деб квалификация қилиш учун икки жиҳат асос бўла олади. Биринчидан, жабрланувчи томонидан ғайриқонуний зўрлик ва оғир ҳақорат. Иккинчидан, айбдор шахс одам ўлдириш пайтида кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида бўлганлиги. Ушбу вазиятлардан бири мавжуд бўлмаганда қотиллик кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида содир этилган деб квалификация қилинмайди.

Руҳий ҳаяжонланишнинг тўсатдан юзага келиши – аффектнинг физиологик хусусиятдир, бунда руҳиятнинг хотиржам вазиятдан жабрланувчининг ноқонуний зўравонлиги ёки оғир ҳақорати ёхуд ҳуқуққа хилоф бошқа ҳаракатларига жавоб тариқасида эмоционал портлашга ўтилади. Физиологик аффект юзага келиши билан айбдорнинг жабрланувчи ўлимига олиб келувчи ҳаракатлари ўртасида амалда вақт жиҳатдан узилиш бўлмаслиги лозим.

Ишдаги ҳужжатларга ва судда аниқланган ҳолатлар судланувчи Н.Омонов воқеа вақти кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида бўлмаганлигини кўрсатди.

Шунингдек, судланувчи Н.Омонов марҳума синглиси С.Омоновани ўз жонига қасд қилишида қайнонаси ва оила аъзоларини айблаб, 2019 йил 28 июнь куни уларнинг яшаш ҳовлисига бориб, ўзи билан олиб борган пичоқ ёрдамида 3 нафар шахснингнинг танасини турли жойларига тан жароҳатлари етказган.

Мазкур воқеа Н.Омоновнинг синглиси С.Омонова вафот этганидан 3 кун ўтгач, содир бўлган, шу сабабли Н.Омоновнинг физиологик аффект юзага келмаган.

Суд амалдаги Қонун ва Пленум қарорлари кўрсатмаларига амал қилган ҳолда Н.Омоновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 25,97-моддаси 2-қисмининг “а,ж” бандлари ва 97-моддаси 2-қисмининг “а,ж” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, ЖК 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 22 йил  муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

 

Абулқосим Рўзиқулов,

Жиноят ишлари бўйича

Навоий вилоят суди раиси

Киритилди: 11:41 23.12.2019. Ўқилди: 3068 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!