Навоий вилоятининг Навбаҳор ва Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманларида ер майдонларини сотиш билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Навбаҳор туманида фуқаро З.Б. Кармана тумани, “Кумушкон” МФЙ ҳудудидаги 15 сотих ерни гўёки кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали фуқаро М.Қ.нинг номига расмийлаштириб бериши эвазига 217 млн сўмни олган вақтида ушланган.
Шунингдек, Чимбой туманида фуқаро У.Ш. “Кенес” ОФЙ ҳудудидаги давлат захирасида бўлган 56 гектар ерни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали фуқаро Х.И.нинг номига расмийлаштириб беришини ваъда қилиб, ундан 54 млн сўмни олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.