Навоий вилояти Экология бошқармаси ходимлари томонидан “Навоийазот” акциядорлик жамиятида текширув ўтказилган.
Текширув давомида жамият ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган чиқинди газлар шамол йўналиши таъсирида Навоий шаҳри ва санитар-ҳимоя зонаси атрофига тарқалаётгани, натижада атмосфера ҳавосида зарарли моддаларнинг меъёрий кўрсаткичлари ошгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан “Навоийазот” АЖда ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи М.Вафоевга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш судга юборилган. Суд томонидан иш ҳолатлари кўриб чиқилиб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 85-моддаси ва 197-6-моддаси асосида базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Маълумот учун, МЖтКнинг 85-моддаси атмосфера ҳавосини ифлослантириш, унга зарарли физик таъсир кўрсатиш ёки белгиланган талабларни бузган ҳолда фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни назарда тутади. 197-6-модда эса экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки унинг кўрсатмаларини бажармаслик учун жавобгарлик белгилайди.