Жомбой туманидаги 7-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда тумандаги мактабларнинг тил ва адабиёти фани ўқитувчилари, ёшлар, маҳаллалар вакиллари ва бошқалар иштирок этди. Иқтидорли ёшлар, ўқувчилари улуғ шоир қаламига мансуб шеър ва ғазаллардан намуналар ўқиди.

Тадбирда буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутиши ҳақида сўз борди.
Таъкидланганидек, Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида адабий асарларни сиёсат билан бирлаштирган. У мамлакат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий такомиллашишига катта ҳисса қўшган. Илм, фан, санъат ривожига ҳомийлик қилган. Тинчлик ва тотувлик ҳукм суришига доим ҳаракат қилган.

Шунингдек, тадбирда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси катта инспектори Д.Сулаймонов "Навоийнинг ҳуқуқий қарашлари" мавзусида чиқиш қилиб, ҳазрат Навоийнинг нафақат тил ва адабиётга, хусусан фиқҳ (ҳуқуқ) фанига ҳам қизиққанлиги, бу борада амалга оширган айрим ишлари ҳақида йиғилганларга сўзлаб берди.
Навоий асарлари халқни қай йўсинда бахтли-саодатли қилмоқ мумкин, деган саволларга жавоб тариқасида ёзилган. Жумладан:
Одамий эрсанг демагил одами,
Оники, йўқ халқ ғамидин ғами.
Шоир бу байтни шунчаки ёзиб қўймаган – бутун вужуди, тафаккури, ҳаёти ва ижодини халққа бағишлаган бу буюк инсон шу шиорни ўз ҳаёти ва фаолиятининг моҳияти деб билган ва бошқаларга ҳам тарғиб қилган.
Бундай пурмаъно сатрлар том маънода Ўзбекистоннинг бугунги ҳаётида ҳам ҳамоҳанглик касб этмоқда. Инсон қадри улуғланаётган юртимизда халқни рози қилиш, уларнинг орзу армонларини рўёбга чиқариш йўлида меҳнат қилаётган замондошларимиз учун буюк мутафаккир сўзлари дастуриламалдир.
Алишер Навоий таваллудига бағишланган мушоиралар, назм ва наво кечалари, адабиёт байрамлари давом этмоқда.

Зулхумор РАШИДОВА,
Жомбой туман 7-ИДУМ она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.