НАТОнинг узоқ масофадан радиолокацион аниқлаш имкониятига эга бўлган Boeing E-3A Sentry самолёти Руминия ҳаво ҳудудида, Украина чегарасига яқин ҳудудда навбатдаги парвозни амалга оширмоқда.
Бу ҳақда Flightradar24 портали маълумотларига таяниб «РИА Новости» хабар тарқатди.
Гап ҳаво ва денгиз нишонларини жуда узоқ масофадан туриб аниқлаш ҳамда авиация ҳаракатларини мувофиқлаштириш қобилиятига эга AWACS тизимидаги самолёт ҳақида бормоқда. Ушбу ҳаво кемаси радарининг қамров радиуси 600 километргача етади. Таъкидлаш жоизки, самолётнинг айни пайтдаги ҳаракат нуқтасидан Россия чегарасигача бўлган масофа тўғри чизиқ бўйлаб тахминан 270–280 километрни ташкил этади.
Сервис маълумотларига кўра, Тошкент вақти билан соат 02:00 ҳолатига кўра, мазкур борт ҳавода деярли идеал айлана ҳосил қилиб учган. Самолёт дастлаб Литванинг Шяуляй шаҳридаги аэродромдан ҳавога кўтарилган, сўнгра Польша, Словакия ва Венгрия ҳаво ҳудудлари орқали Украинанинг ғарбий чегарасини айланиб ўтиб, Руминияга етиб келган.