НАТО Россия билан эҳтимолий ҳарбий можаро юзага келган тақдирда альянснинг ҳаракатларини белгилаб берувчи янги стратегияни ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги НАТО Европадаги Бирлашган Қуролли Кучлари олий бош қўмондони, америкалик генерал Алексус Гринкевич томонидан тайёрланаётган ҳужжатнинг махфий бўлмаган версиясига таяниб хабар берди.
«Ғалаба назарияси» деб номланган ҳужжатда альянс эҳтимолий можаро шароитида ўзининг ҳарбий устунлигини сақлаб қолиш ва НАТО ҳудудига қилинган ҳужумни тўхтатиш бўйича ёндашувлар баён этилган.
Генерал Гринкевич вакили полковник Мартин О’Доннеллнинг айтишича, НАТО мураккаб ва беқарор хавфсизлик муҳити шароитида эҳтимолий ҳужумни тийиб туриш, зарурат туғилса, унга қарши ҳаракат қилиш учун зарур шароитларни олдиндан яратиши керак.
Bloomberg маълумотларига кўра, ҳужжат 12 октябрь куни Польшада тақдим этилиши режалаштирилган.
Стратегияда НАТОнинг шарқий қанотида жойлаштирилган қуруқликдаги ҳарбий қисмлар ва бошқа воситалардан фойдаланиш назарда тутилган. Жумладан, арзон дронлар, экипаж иштироки минимал бўлган тизимлар ҳамда сунъий интеллект асосида нишонга олиш воситаларидан фойдаланиш таклиф этилмоқда.
Агентликка кўра, альянс манёвр қилиш имкониятига эга бўлганидан сўнг рақибнинг қўмондонлик ва бошқарув тизимларини ишдан чиқаришга интилиши мумкин. Бу орқали НАТО эҳтимолий рақибга альянснинг можарога тайёрлигини намойиш этишни мақсад қилмоқда.
Айни пайтда Россия расмийлари Москва НАТО давлатларига ҳужум қилиш режаси борлигини бир неча бор рад этган. Россия президенти Владимир Путин ҳам Россия ва НАТО ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий можаро юзага келишидан манфаатдор эмаслигини билдирган.
НАТО бош котиби Марк Рютте аввалроқ альянс Россия томонидан унга қарши ҳужумга тайёргарлик кўрилаётгани белгиларига эга эмаслигини айтган. Шу билан бирга, у Европа давлатларини узоқ муддатли гибрид таҳдидларга тайёр туришга чақирган.