Бу урушда Эрон катта йўқотишларга дуч келади, аммо охир-оқибат АҚШ муросага келиши керак бўлади ва бу уларнинг фойдасига бўлмайди. Бу фикрни НАТОнинг Косоводаги Халқаро хавфсизлик кучларининг собиқ қўмондони, италиялик генерал Фабио Мини ТАССга берган интервьюсида маълум қилди.
"Эрон Қўшма Штатларнинг тўлиқ ҳарбий қудратига бардош бера олмайди, аммо у жиддий зарар етказишга қодир. Эрон узоқ давом этадиган қарама-қаршиликка тайёр ва рақиб томонни ҳам иқтисодий, ҳам ўқ-дорилар таъминотидан узишга интилади", - деди генерал.
Фабио Мини айтишига кўра, ўтган йилги уруш ҳам айнан АҚШ ихтиёридаги қурол-аслаҳа тугагани сабабли 12 кундан кейин тўхтатилган.
"Бу сафраги сценарий ҳам шунга ўхшаш, фақат улар энди ядровий иншоотлар ўрнига фуқаролик биноларини нишонга олмоқда. Эрон кўп нарсани йўқотади, лекин охир-оқибат Қўшма Штатларни муросага келишга мажбур қилади ва бу АҚШ фойдасига эмас, Эрон фойдасига бўлади", - деб ҳисоблайди мутахассис.
Унинг фикрича, бугунги вазиятда Исроил ҳам катта хавф остида, чунки "охир-оқибат у дунёда ишонч ва ўз мавқеини йўқотади".
Бугунги кунда дунёда дипломатияга ишонч камайиб, кўплаб давлатларда қуролланиш истаги пайдо бўлмоқда, лекин бу ҳақиқатни "жуда тор тушунишни" англатади.
Унинг фикрига кўра, Украина ва Яқин Шарқдаги можаронинг асосий сабаби ҳам узоқ муддатли стратегия ва келажак учун сиёсий қарашнинг йўқлигида.
"Украина можарони анча олдин бой берган ва фақат ҳарбий ёрдам олиш учун курашишда давом этмоқда, бунинг учун кейинчалик барибир тўлаши керак бўлади. Европа мамлакатлари ҳам узоқни кўра олмасликни кўрсатмоқда: энергия таъминотига тўлиқ қарам бўлган ҳолда, улар энг йирик етказиб берувчиси билан курашмоқда. Бу келажак учун яхши натижа бермайди", - деб хулоса қилди Фабио Мини.