Ўзбекистонда газ ва электр токи қимматлашганидан фойдаланиб, ўз маҳсулот ва хизматлари нархларини асоссиз оширган монопол корхоналар жазоланади. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, 2026 йил 1 июндан республикада ёнилғи-энергетика ресурслари нархлари 10 фоизга оширилди. Мазкур ҳолат айрим маҳсулот ва хизматлар таннархига маълум даражада таъсир кўрсатиши табиий. Қўмита бу ҳолат монопол ва табиий монопол маҳсулотлар ҳамда хизматлар нархларини иқтисодий жиҳатдан асосланмаган тарзда ошириш учун сабаб бўла олмаслигини билдирди.
“Рақобат қўмитаси монопол ва табиий монопол корхоналарни нархларни белгилашда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга чақириб, ҳар қандай асоссиз нарх ошириш ҳолатларига нисбатан қонуний чоралар кўрилишини маълум қилади”, дейилади хабарда.
Қўмита устун мавқега эга (монопол) корхоналар фаолияти ва улар қўллаётган нархлар доимий назоратда эканига урғу берган. Агар монопол маҳсулотлар ва хизматлар нархлари иқтисодий асослантирилмасдан ошириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, қонунчиликда белгиланган молиявий жарималар ва бошқа таъсир чоралари қўлланиши мумкин.