Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Наманганда туҳматга учраган тафтишчи 20 йил қамоқда ўтирди

Наманганда туҳматга учраган тафтишчи 20 йил қамоқда ўтирди

Ҳаётда инсон ҳар қандай қийинчилик, синов ва машаққатларга чидаши мумкин. Аммо адолатсизликка асло тоқат қилолмайди. Шу маънода Наманган туманининг Ўлмас маҳалласида яшовчи 73 ёшли Саъдулла Турғунов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам сўнгги 20 йил мобайнида ўзига нисбатан қилинган ноҳақликдан азият чекиб келди.

Маълумки, Наманган шаҳар суди бошқа судлар қатори 2001 йилда жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд сифатида ихтисослашган. Мазкур суднинг 2000 йил 6 мартдаги ҳукмида қайд этилишича, Наманган вилояти молия бошқармасида тафтишчи-назоратчи вазифасида фаолият юритган С. Турғунов 1999 йил 6 февраль куни Наманган шаҳар ветеренария бўлимида тафтиш ўтказади.

Қисқаси, тафтиш жараёнида 2-сонли лаборатория санитария экспертизасида қассоблардан олинган пуллар учун бе­рилган 4 дона квитанция журналда қайд этилмаганлиги аниқланади. Шу боис лаборатория мудири А. Сапаров 1999 йил 8 февраль куни ветеринария бўлими бош шифокори Ш. Рустамовдан ушбу камчиликларни далолатномада қайд этмаслик учун тафтишчи С. Тур­ғунов билан гаплашиб беришни илтимос қилади.

1999 йил 13 февраль куни бош шифокор Ш. Рустамов лаборатория мудири А. Сапаровни ўз хонасига чақириб, тафтишчи билан гаплашганини, 4 дона кирим қилинмаган квитанцияни далолатномада қайд этмаслик эвазига тафтишчи С. Турғунов 5 минг сўм пул талаб қилганини айтади.

Шунга биноан 1999 йил 15 февраль куни Ш. Рустамов Наманган шаҳар ветеринария бўлимида — хизмат хонасида А. Сапаровдан кўрсатилган миқдордаги маблағни С. Турғуновга пора тариқасида бериш учун олган вақтида ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ушланган. Оқибатда биргина Ш. Рустамовнинг кўр­сатмаси асосида С. Турғуновга нисбатан жиноят иши қўз­ғатилган.

Суд ҳукмига асосан эса С. Тур­ғунов Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в»-банди билан айбдор деб топилиб, мол-мулки мусодара қилинган.

Зеро, Жиноят кодексининг ўша пайтда амалда бўл­ган таҳририда мол-мулкни мусодара қилиш ҳам кўзда тутилганди.

Шу билан бирга, С. Турғунов 5 йил муддатга озодликдан маҳ­­рум этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 30 апрелда қабул қилинган «9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинишини муносабати билан ам­нистия тўғрисида»ги фармонига асосан, тайинланган жазо учдан бир қисмига қисқартирилган.

Наманган вилоят судининг 2000 йил 11 апрелдаги апелляция ажрими билан суд ҳук­ми ўзгаришсиз қолдирилган.

Аммо бу ҳолат ўтган 20 йил мобайнида С. Турғуновнинг ич-этини емириб келди, унинг ётган-турганида ҳаловати бўл­мади. Негаки, Саъдулла ака ўзини айбсиз деб биларди. Энг асосийси, бунга етарли далиллари ҳам бор эди.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширила бошланган кенг кўламли ислоҳотлар С. Турғуновга умид бағишлади. Бинобарин, у ҳимоя­чиси Д. Абдуллаев билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибидаги шикоят билан мурожаат қилди.

Натижада Олий суд томонидан Наманган вилоят судининг 2000 йил 11 апрелдаги апелляция ажрими бекор қилинди. Иш янгидан кўриш учун жиноят­ ишлари бўйича Наманган вилоят судининг кассация инс­танциясига юборилди.

Кассация суди мажлисида аён бўлдики, Наманган шаҳар ветеринария бўлими бош шифокори вазифасида ишлаган Ш. Рустамов тезкор тадбир ўтказилган 1999 йил 15 февраль куни гувоҳ тариқасида сў­роқ қилинганда, А. Сапаровдан 5 минг сўмни ўзи раҳбарлик қи­лаётган ветеринария бўлими жамоасига ва ўзига гап тегмаслиги, бошқарма раҳбарлари ол­дида ҳар хил гап-сўзлар кў­пайишининг олдини олиш учун тафтишчига бериш учун ол­гани, агар тафтишчи пулни олмаса, унга чой қилиб бермоқчи бўлгани ёки 2-сонли ла­бораторияда аниқланган камомад ҳисобига кирим қи­лиш учун тўлашини А. Сапаровга айт­гани ҳақида кўрсатма берган.

Бироқ Ш. Рустамов гумон қилинувчи тариқасида ушланиб, 1999 йил 16 февраль куни сўроқ қилинганда, А. Сапаровдан 5 минг сўмни тафтишчи С. Турғуновга бериш учун олгани, хонага тезкор ходимлар кириб келишгани учун пулни беришга улгурмагани ҳа­қида кўр­сатма берган.

Бундан ташқари лаборатория мудири А. Сапаровнинг кўрсатмаларини текшириб кўриш ҳақидаги баённомада А. Сапаров томонидан берилган пул Ш. Рустамовнинг костюми чап ички чўнтагидан олингани кўрсатилган. Тезкор тадбирда эса, Ш. Рустамовнинг костюми чап чўнтагидан пул эмас, қора рангли тароқ олинган.

Яъни С. Турғуновнинг кирим қилинмаган 4 дона квитанцияни далолатномада кўрсатмаслик учун 5 минг сўм сўраганини тасдиқловчи Ш. Рустамовнинг кўрсатмаларидан бош­қа бирор-бир далил мавжуд эмас. Содда қилиб айтганда, С. Турғунов айнан пора олаётган вақт­да қўлга олинмаган. Янада аниғи шуки, у туҳматга учраган.

Айтиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси талабига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Мазкур кодекснинг 83-моддасида эса, судланувчининг содир этилган жиноятга дахли бўл­маса, айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши белгиланган.

Шу асосларга таянган жи­ноят­ ишлари бўйича Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2000 йил 6 мартдаги ҳукмининг С. Турғуновга оид қисмини бекор қилиб, уни айб­сиз деб топиб, оқлади.

С. Турғуновга ребилитация қилиниши муносабати билан ўзига етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зарарлар оқибатларини Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.

Мана шу тариқа собиқ тафтишчи ноҳақ айбловдан халос бўлди. Айни пайтда Саъдулла ака бетоблиги боис мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида унинг ўғли Рустамжон Турғу­нов билан суҳбатлашдик.

Р. Турғуновнинг таъкидлашича, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2020 йил 6 июндаги ажрими билан С. Турғуновга 26 миллион 146 минг 109 сўм моддий зарар, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2020 йил 18 августдаги ҳал қилув қарорига асосан эса, 10 миллион сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.

Ачинарли томони шундаки, 2001 йилда — жазо муддатини ўтаётган пайтда Саъдулла ака инсульт касаллигига чалиниб, иккинчи гуруҳ ногиронига айланган. 2008 йилда эса, у бу дардни яна бир марта бошидан кечирган.

Шундан буён яқинларнинг ёрдами билан ҳаракатланади.

Ўшанда гарчи суд ҳукмида мол-мулкини мусодара қилиш белгиланган бўлса-да, С. Турғу­новнинг яшаётган уйидан бошқа мусодара қилинадиган ортиқча мол-мулки бўлмаган. Бу ҳам унинг пешона тери эвазига ҳалоллик билан кун кечирганидан далолат беради.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Ўша пайтда С. Турғунов 53 ёшда бўлган.

Агар туҳматга учраб, ноҳақ судланмаганида, у меҳнат фаолиятини давом эттирарди. Натижада барча тенгқурлари қатори 60 ёшида нафақага чиққан ва бебаҳо саломатлигини йўқотмаган бўларди.

Халқимизда туҳматга нисбатан бежизга учта энг мудҳиш ба­лолардан бири сифатида қаралмайди: «…туҳмат балосидан асрасин», — дейилганида нафақат туҳматга дучор бў­лув­чи, балки туҳматни уюштирувчилар ҳам назарда тутилади. Зеро, бундайлар бир бегу­ноҳни энг оғир балога гирифтор қилиб, ўзлари кечирилмас энг катта гуноҳ орттирадилар. Албатта, бундан ҳар кимни Яратганнинг Ўзи асрасин.

Киритилди: 10:50 20.10.2020. Ўқилди: 4010 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!