28–30 октябрь кунлари Наманган шаҳридаги “Aфсоналар водийси” истироҳат боғида Биринчи Наманган халқаро асал фестивали ўтказилади. Фестивал Туризм ва маданий мерос вазирлиги Наманган вилояти Бош бошқармаси томонидан ташкиллаштирилмоқда.
Фестивал давомида 250 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик асаларичилар ўз маҳсулотларини намойиш этади. Шунингдек, тадбир иштирокчилари асал маҳсулотлари, асаларичилик, асал йиғиш ва асалари уйлари ҳақида барча маълумотларни билиб олиш, қолаверса, асал мумидан малҳам ишлаб чиқариш, асаларичилик ҳунармандчилиги буюмларини тайёрлаш, асалнинг бир нечта навларини татиб кўриш имконига эга бўладилар.
Бундан ташқари, тадбир дастуридан республикамизда қишлоқ хўжалиги туризмини ривожлантириш масалаларига бағишланган “Илмий-амалий конференция” ва асал кўргазмалари, спорт мусобақалари, меҳмонлар учун концерт, шунингдек асаларичилик соҳасидаги етакчи маҳаллий ва хорижлик асаларичилик соҳасидаги мутахассислардан маҳорат дарслари ўрин олган.
Фестивал доирасида “Aфсоналар водийси” истироҳат боғида “Энг яхши қадоқланган асал” ва “Энг табиий асал” номинациялари бўйича танловлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.