Бугун 12 ноябрь, 2019 йил, сешанба

O'ZB

Наманганда фожиа: куёв 10 минг сўм ортидан қайнотасини ўлдирди

Наманганда фожиа: куёв 10 минг сўм ортидан қайнотасини ўлдирди

Уйда ётиб зериккан Мансур Очилов (исм шарифлари шартли ўзгартирилган) кўчага чиқаркан, маҳалладош оғайнисини учратди. Ўзаро суҳбат ичкиликка бориб тақалди.

Шу пайт рўзғор учун отасидан пул олиб бозорга кетган аёли қайтиб келди. 

- Ўн минг сўм орттириб келдингми? - сўради эр.

- Йўқ, орттира олмадим, - жавоб қилди аёл.

Шу биргина гап инсон умрига зомин бўлди. Чунки, “йўқ”, деган сўзни эшитган эр жанжал кўтариб, маҳаллани бошига кийди. Калтакланган, хўрланган аёл отасини чақиртирди.

“Эркак бўлиб бир рўзғорни эпламайди-ю, хотин уришни ким қўйибди сенга?!”

Бу таъна куёвга ёқмади. Боз устига у аламзада эди. “Сўз жангги” калтакбозликка айланди.

Кекса отасининг бошига куракча билан тушаётган зарбалардан юраги ортига тортган аёл эрининг қўлига ёпишиб, уни тортиб олди. Аммо куёв ошхонага югуриб бориб болта билан қайтиб чиқди. Ҳоли қуриган, қўрқиб кетган ота қоча бошлади. Бироқ, атиргул тиканига илиниб қоқилди. Важоҳат билан етиб келган куёв эса, вояга етмаган, чирқиллаб турган фарзандлари кўз олдида болтани қайнотанинг бошига солди...

Озодлик, ҳаётнинг қадри баъзан темир панжара ортида билинади. Буни аллақачон тушунган Мансур суддан енгиллик сўраб зорланди...

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди раиси Д.Комилов раислигида бўлиб ўтган судда М.Очиловга Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра, 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Кўпинча шундай воқеалардан кейин “туппа-тузук оиланинг фарзанди эди”, деган гапларни эшитамиз. Аслида эса бу оилаларда нимадир ичдан дарз кетган.

Яна бир мушоҳада: бизда кўплаб жамоатчилик ташкилотлари мавжуд. Маҳалла, нуроний, оила, хотин-қизлар, ёшлар ташкилотлари бор. Улар шу каби нотинч оилаларнинг ичига кириб бора оляптими? Қолаверса, маҳалла томонидан одам ўлдирганларга ҳам ижобий тавсифнома берилади.

Нега? Нима учун?

Жавобсиз саволлар...

Акрамжон ОРИПОВ,

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди

суд амалиётини таҳлил қилиш бўлими бошлиғи.

Киритилди: 11:26 02.07.2019. Ўқилди: 1928 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!