Косонсой туман маъмурий суди ўз биносида, очиқ суд мажлисида, туман судининг раиси Б.Абдуллаевнинг раислигида икки нафар фарзандига алимент қарздорлигини бартараф этмаган Қ.Муминовга оид маъмурий иш кўрилди.
Воқеа қуйидагича содир бўлган. фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан ундирувчи Ў.Мажидова фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойда топган ҳар қандай даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлсада, моддий ёрдамга муҳтож вояга етмаган фарзандининг моддий томондан таъминлашдан бўйин товлаб, 2018 йилнинг январь ойидан 2020 йил июнь ойига қадар жами 21.040.336 сўм алимент пулини тўламасдан бўйин товлаб келган.
Суд муҳокамаси даврида зарарни қоплаш учун берилган муддат мобайнида Қ.Муминов томонидан алиментдан бўлган 21.040.336 сўм қарздорлик бартараф этилмаган.
Суд Қ.Муминовга нисбатан жазо тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарори тушунтиришларига риоя қилиб, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймондалигини, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаб, унинг қилмишларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб топиб, у айбланаётган модда санкциясида назарда тутилган маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.
Баҳодир Абдуллаев,
Судьялар Олий мактаби тингловчиси