Бугун 20 май, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Наманганда 12 яшар бола ток уриши оқибатида вафот этди​​​​​​​

Наманганда 12 яшар бола ток уриши оқибатида вафот этди​​​​​​​

Наманганда бешинчи синф ўқувчиси ток уриши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Миллар дастурида маълум қилинди.

Масъулларнинг хабар беришича, воқеа жорий йилнинг 5 май куни соат тахминан 19:37 ларда Наманган вилоятининг Давлатобод туманида рўй берган. 2013 йилда туғилган бола гилос ейиш мақсадида шу ерда ўрнатилган юқори кучланишли электр трансформатор устига чиққан вақтида электр токи таъсирига тушиб, ток уриши оқибатида вафот этган. Маълум бўлишича, марҳум бола холасининг қарамоғида бўлган, онаси чет давлатига ишлаш учун кетган.

«Жияним соат беш яримда мактабдан келган. Ўртоқлари билан бирпас футбол ўйнайман деб кўчага тушган. Олдимизда майдонча йўқлиги учун кўчани бошига ўйнагани чиқишган ўртоқлари билан. Трансформаторга тегиб кетганми, нима бўлган, кўрмаганмиз. Чақнаш бўлиб портлаган, қўшнилар қарашган. Қўшнилар биринчи ёрдам кўрсатамиз деб, ёнида канал борлиги учун лой чаплашган. Бола тирик бўлган», — дейди боланинг холаси.

Аёлнинг айтишича, болани шифохонага олиб боришган, аммо у ерда биринчи ёрдам кўрсата олишмаган. У шифохонага етиб борганида жияни вафот этган бўлган.

Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Марҳум бола Давлатобод туманидаги 56-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 5-В синф ўқувчиси бўлган.

«Трансформатор ёнлари панжара билан ўралган бўлганда ҳам, электр тармоқлари билан ишим бўлмасди. Электр тармоқлари жавобгар бу нарсага. Симлари осилган, ҳозир ҳам ҳатто қулфланмаган. Ҳозирги пайтгача ахлатларни тозалаб, бир сим-пимларни сал йиғиштириб қўйишди, лекин тўсиқ қўйишгани йўқ. Менинг боламнинг ўрнида бошқа бола ҳам бўлиши мумкин, қўни-қўшниларни боласи. Биз билан ҳеч кимнинг иши йўқ. На бир маҳалла қўмитаси, на бир ширкатимиз. Ҳеч ким хабар ҳам олмади. Ҳатто таъзияга чиқишгани йўқ», — дейди марҳумнинг холаси.

Бош прокуратура ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Давлатобод туман электр таъминоти корхонаси ходимларининг фаолияти юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

Киритилди: Бугун 14:55. Ўқилди: 332 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!