Бугун 19 июнь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда қандай хушуъ қилганлар?

A A A
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда қандай хушуъ қилганлар?

Хушуъ қилувчилар имоми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда қай ҳолатда турганларини, у зот ибодатлари қандай бўлганини ўқиб-ўрганиш ҳам инсонни хушуъга ундайди, қалбида ғайрат-шижоат ўтини ёқади.

Мутарриф отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига борсам намоз ўқиётган эканлар. Йиғлаганлари учун ичларидан худди қозоннинг биқирлашига ўхшаш овоз эшитиларди” (Насоий, Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом намозни хушуъ билан ўқирдилар. Қироат вақтида қалблари эриб, кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. Лекин у зот овозларини баланд кўтариб йиғламаганлар. Кўзларидан ёш қалқиганда сув биқирлаб қайнашига ўхшаш овоз эшитиларди. Расули акрам баъзида маййитга ачинганларидан, айрим ҳолларда умматларини ўйлаб, гоҳида Аллоҳ таолодан қўрқиб, гоҳида Қуръон эшитиб йиғлаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз нақадар улуғ ибодат эканини яхши билганлар, хушуъ-хузуъ билан намоз ўқишни бошқаларга ўргатганлар. У зот таълимларини олган саҳобалар ичидан намозни қойилмақом ўқийдиган обидлар етишиб чиққан. Уларнинг бу салоҳияти тобеинларга, кейин табаа тобеинларга мерос бўлиб ўтган.

Ривоят қилинишича, Убайд ибн Умайр исмли киши Оиша онамизга: “Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрганингиз энг ажойиб воқеани айтиб беринг!” деди. Шунда Оиша онамиз бироз сукут сақлаб, кейин: “Тунларнинг бирида у зот: “Эй Оиша, мени холи қолдир. Бу кеча Парвардигоримга ибодат қилмоқчиман!” дедилар. Мен: “Аллоҳга қасамки, сизга яқин бўлгим келади. Сизни хурсанд қиладиган нарсадан мен ҳам қувонаман”, дедим. Шунда у зот таҳорат олиб намоз ўқишни бошладилар. Йиғлайверганларидан қўйнилари жиққа ҳўл бўлиб кетди. У зот ўтиргандилар. Йиғлайверганларидан соқоллари ҳўл бўлди. Кейин яна йиғладилар. Ҳатто кўз ёшлари ерга тўкилди. Сўнг Билол азон айтишга келди. У зот юм-юм йиғлаётганларини кўриб: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ барча гуноҳларингизни кечириб юборган-ку!..” деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шукр қилувчи банда бўлмайми?! Менга бу кеча бир оят тушди. Уни ўқиб тафаккур қилмаган (кимса)нинг ҳолига вой”, деб, “Албатта осмонлар ва ернинг яратилишида...” оятини охиригача тиловат қилдилар”, деб айтди” (Ибн Ҳиббон саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

Бу ривоятга кўра, Набий алайҳиссалом тунги намозда “Оли Имрон” сурасининг “Албатта осмонлар ва ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун оят-аломатлар бордир” оятини ўқиб, қаттиқ кўз ёш тўкканлар.

Авф ибн Молик Ашжаий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Тунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозга турдим. У зот “Бақара” сурасини ўқидилар. Раҳмат оятидан ўтсалар, дуо қилардилар, азоб оятидан ўтсалар, паноҳ сўрардилар. Кейин қиёмда турган миқдорда рукуъ қилдилар. Рукуъда: “Субҳаана зил жабарувти вал малакувти вал кибрияи вал азома”, дедилар. Сўнг қиёмда турган миқдорда сажда қилдилар. Саждада ҳам худди шундай (дуо) ўқидилар. Кейин туриб “Оли Имрон”ни қироат қилдилар. Шундан кейин бир сура-бир сурадан ўқидилар” (Абу Довуд, Насоий ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги намозда узун сураларни ўқирдилар, қиёмда, рукуъда, саждада жуда узоқ турардилар, Аллоҳнинг раҳмати зикр этилган оятлардан ўтсалар, дуо-илтижо қилар, азоб ҳақидаги оятларни ўқиганда Аллоҳдан паноҳ сўрардилар.

Муслим ибн Михроқдан ривоят қилинади: “Мен Оиша розияллоҳу анҳога: “Эй мўминлар онаси! Баъзилар Қуръонни бир кечада икки-уч мартадан хатм қилишяпти”, дедим. Шунда у: “Ўша одамлар Қуръон ўқишибди, аммо уқишмабди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси билан ибодат қилиб чиқар, “Бақара”, “Оли Имрон”, “Нисо” сураларини ўқирдилар. Агар башорат берилган оятдан ўтсалар, дуога юзланар, умид қилардилар, (азоб-уқубатдан) қўрқитиладиган оятдан ўтсалар, Аллоҳга дуо қилиб паноҳ сўрардилар”, деди”.

Абу Салама ибн Абдураҳмондан ривоят қилинишича, у Оиша розияллоҳу анҳодан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рамазондаги намозлари қандай эди?” деб сўради. Оиша: “У зот рамазонда ҳам, ундан бошқа вақтда ҳам ўн бир ракатдан оширмасдилар. Тўрт ракат намоз ўқирдилар. Унинг чиройи, узунлиги ҳақида сўрамай қўявер. Кейин яна тўрт ракат ўқирдилар. Унинг ҳам чиройи, узунлиги ҳақида сўрама. Шундан сўнг уч ракат ўқирдилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, ухлашингиздан олдин витр ўқийсизми?”, дедим. У зот: “Эй Оиша, албатта менинг икки кўзим ухлайди, бироқ қалбим ухламайди”, дедилар”, деб айтди (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилган).

Ушбу ривоятга кўра:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда ҳам, бошқа вақтларда ҳам кечаси ўн бир ракат намоз ўқирдилар.

2. У зотнинг тунги намозлари ниҳоятда чиройли, ўта узун бўлган. Бу ҳақида сўрашга, уни васф этишга ҳожат йўқ. Чунки ибодатлари жуда гўзал, мукаммал экани шундоқ кўриниб турган.

3. У зот алайҳиссалом уч ракат витр ўқиганлар.

4. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзлари ухласа ҳам қалблар доим уйғоқ бўлган. Бу хусусият пайғамбарларгагина хосдир.

Асваддан ривоят қилинади: “Мен Оишадан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида қандай юмушларни бажарардилар?” деб сўрадим. Оиша: “У зот оила аъзолари хизматида бўлар, агар намоз вақти кирса, намозга чиқардилар”, деди” (Бухорий, Термизий, Аҳмад ривоят қилган).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уй юмушларида завжаларига ёрдамлашардилар. Қачон намоз вақти кирса, намозга чиқардилар. Бу ҳаммамизга ўрнак бўлиши керак. Уй ишларида аёлларга кўмаклашиш, уларнинг кўнглини олиш Пайғамбаримиз суннатларига мувофиқдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан гаплашардилар. Биз ҳам у зот билан суҳбатлашардик. Агар намоз вақти кирса, у зот бизни, биз эса у зотни танимайдигандек туюларди”.

Намоз мўминнинг асосий вазифасидир. Намоз пайтида ҳар қандай муҳим иш ортга сурилади, ибодатдан сўнг давом эттирилади. Аллоҳ таоло намозни вақтида тўкис адо этадиган киши қалбига хотиржамлик, ишига унум, топганига барака беради.

Зиёвуддин РАҲИМ,
“Намозда хушуъ” китобидан

Киритилди: 02:16 27.05.2018. Ўқилди: 7928 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!