Мамлакатнинг собиқ ҳарбий хунта раҳбари, яқинда президентликка сайланган Мин Аун Хлаинг мамлакатнинг 60 та аҳоли пунктида ҳарбий назорат ўрнатиш ҳақида фармон чиқарди. Гарчи мамлакатда расман фуқаролик бошқарувига ўтилган бўлса-да, ушбу қадам қуролли тўқнашувлар давом этаётган ҳудудларда хавфсизликни кучайтириш мақсадида ташланди. Ҳарбий ҳолат Качин, Кая, Чин, Шан ва Ракхайн каби беқарор штатларни, шунингдек, Сагаинг ва Мандалай каби йирик минтақаларни қамраб олади.
Давлат оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, 90 кунлик фавқулодда ҳолат "қуролли терроризмга чек қўйиш" ва "қонун устуворлигини тиклаш" учун зарур. Мазкур фармон билан ушбу ҳудудлардаги бутун ижроия ва суд ҳокимияти янги ҳарбий раҳбар Йе Вин Оо ихтиёрига ўтказилди. Бу Мин Аун Хлаингнинг апрел бошида президент бўлганидан кейинги илк йирик сиёсий қадамидир.
Мьянма 2021 йилги ҳарбий тўнтаришдан бери қуролли можаролар ичида қолмоқда. Ўшанда ҳарбийлар Аун Сан Су Чжи бошчилигидаги ҳукуматни ағдарган эди. Шундан сўнг ўтказилган ва танқидчилар томонидан ноҳақ деб баҳоланган сайловлардан кейин ҳам ҳарбийлар ўз назоратини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.