Исроилнинг "Моссад" разведка хизматига Беларусда туғилган генерал-майор Роман Гофман янги бошлиқ этиб тайинланди
Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Тайинловга қадар Гофман бош вазирнинг ҳарбий котиби лавозимида ишлаган. У "Моссад" раҳбари лавозимида Давид Барнеани алмаштирди. Гофманнинг лавозимга киришиш маросимида сўзга чиққан Нетаняҳу Исроил Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига ва яҳудий давлатининг мавжудлигига таҳдид солишига йўл қўймаслигини таъкидлади.
Маълумот учун, "Моссад" — Исроилнинг ташқи разведка хизмати бўлиб, у разведка маълумотларини тўплаш, терроризмга қарши курашиш ва хорижда махсус операцияларни амалга ошириш учун жавобгардир. Хизмат бевосита Исроил бош вазирига бўйсунади, парламент назоратида эмас ва мамлакатнинг учта асосий махсус хизматидан бири ҳисобланади.