Мопед, скутер ва бошқа кичик ҳажмли мототранспорт воситасини бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши бежиз эмас. Йўл-транспорт ҳодисалари ва қоидабузарликлар статистикаси бу турдаги транспорт воситалари билан боғлиқ хавфлар ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошев маълумот берди.
Унинг қайд этишича, 2026 йилнинг дастлабки 9 ойида мопед ва скутерлар иштирокида 563 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда 488 киши тан жароҳати олган, 89 киши ҳалок бўлган.
Қоидабузарликлар сони ҳам кескин ошган. 2025 йил давомида мопед ва скутер ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ қарийб 300 та ҳолат аниқланган бўлса, 2026 йилнинг ўтган даврида улар сони 4312 тага етган.
Шунингдек, 162 та ҳолатда ҳайдовчилар мопед ёки скутерни ҳам тегишли ҳужжатларсиз, ҳам маст ҳолда бошқаргани аниқланган.
Зоир Йўлдошевнинг таъкидлашича, келтирилган рақамлар мопед, скутер ва бошқа кичик ҳажмли мототранспорт воситаларини бошқаришда хавфсизлик талабларини кучайтириш заруратини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, дастлаб мопед ва скутерни бошқариш учун 1 мартдан тегишли ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаб қилинганди.
Ҳукуматнинг 12 апрелдаги қарори билан муддат 2025 йил 1 октябрдан қилиб ўзгартирилди.