Бу ҳақда Politico хабар бермоқда.
Жорий йил 4 июн куни “Росатом” раҳбарларидан бирига йўлланган махфий мактубда Миср Атом электр станциялари бошқармаси “Эл-Дабаа” АЭС қурилишидаги қатор қоидабузарликларни санаб ўтган. Хусусан, бир нечта реактор блокларида нуқсонлар борлиги ва ядро хавфсизлиги маданияти талаблари бузилгани таъкидланган. Мактубда шунингдек, лойиҳа бўйича масъул шахслардан бирининг қасддан бепарволиги ҳам танқид қилинган.
Илгари ҳеч қачон оммага эълон қилинмаган ҳужжатлар тўплами махсус хизмат ходими томонидан анонимлик шарти билан оммавий ахборот воситаларига тақдим этилган. Ҳужжатлар орасида қурилишдаги кечикишлар ва муҳандислик муаммоларини тасдиқловчи “Росатом”нинг ички корпоратив аудит хулосалари ҳам бор.
Хусусан, 1-, 2- ва 3-энергоблоклар пойдевор плиталаридаги нуқсонларни бартараф этиш учун бир йил вақт сарфланган, 4-блок бетонида эса бўшлиқлар аниқланган. Шунингдек, Миср томони “Росатом”ни қурилишнинг ярмидан кўпи якунланганини кўрсатиш мақсадида “чалғитувчи усуллар” ва “сохта ишлар” қилишда айблаган. Аслида эса атом станциясининг асосий бинолари ҳалигача ер ости қурилиш босқичида экани айтиляпти.
Шунингдек, Миср идораси даъвосига кўра, “Росатом”да иш жойидаги тартиб ва касбий маданият ҳам талаб даражасида эмас. Ходимларда тақиқланган алкоголли ичимликлар аниқланган, улар сохта рухсатномалардан фойдаланган, қурилиш майдончасида олинган сурат ва видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган. Яна бир ҳолатда эса ишчилардан бири “оғир очиқ синиш жароҳати” олгани, бироқ у махсус жиҳозланган тез ёрдам машинасида эмас, балки хусусий автомобилда олиб кетилгани айтилади. Бу ҳолат “ишдаги ҳодисани қасддан яшириш” ҳамда “меҳнат хавфсизлиги қоидаларининг қўпол бузилиши” дея баҳоланган.
2025 йилда “Росатом” ички аудит лойиҳаларидан бирида шартнома мажбуриятларини бажара олмаслик “сезиларли хавф” экани ҳақида огоҳлантириш бўлган. Давлат корпорацияси АЭСнинг биринчи энергоблокини ишга туширишни бир ярим йилга — 2028 йил сентябридан 2030 йил март ойига кечиктириши мумкин.
“Росатом” Politico'га юборган баёнотида “Эл-Дабаа” қурилишида ядро хавфсизлигининг юқори даражаси таъминланаётганини билдирган. Бироқ компания Миср регуляторидан қабул қилинган мактуб ва ундаги шикоятлар юзасидан изоҳ беришдан қочган. Ўз навбатида, Миср томони ҳам журналистларнинг қатор сўровларини жавобсиз қолдирди.
Киритилди: 14:06 19.08.2026.
Ўқилди: 879 марта.
Фикрлар сони: 0 та.