Бугун 29 ноябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Миср «Росатом» ходимларини мастликда айблади

Миср «Росатом» ходимларини мастликда айблади

Махфий мактубда Миср ҳукумати АЭС қурилишидаги нуқсонлар, хавфсизлик қоидаларининг бузилиши ва ходимлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида маълум қилган.

Миср Атом электр станцияларини бошқариш бошқармаси «Росатом»ни «Эль-Дабаа» АЭСи қурилишида жиддий қоидабузарликларга йўл қўйганликда айблади. Бу ҳақда Politico махфий ҳужжатларга таяниб хабар берди.

Россия давлат корпорациясига юборилган мактубда реактор блокларидаги нуқсонлар, «ядровий хавфсизлик маданияти»нинг бузилиши ва лойиҳа ходимларидан бирининг «қасддан бепарволиги» ҳақида сўз боради.

Миср ҳукумати қурилиш майдонида ишларни ташкил этиш масаласи бўйича ҳам жиддий эътирозлар билдирган. Уларнинг таъкидлашича, ходимлардан «тақиқланган алкоголли ичимликлар» топилган, улар сохта рухсатномалардан фойдаланган ва рухсатсиз ҳудудларга кириш учун ўзларини бошқа шахслар сифатида таништирган. Қурилиш майдонида олинган фото ва видеолар ҳам ижтимоий тармоқларга чиқиб кетган, бу эса Миср томони фикрича, лойиҳа обрўсига зарар етказган.

Мактубда жиддий бахтсиз ҳодиса ҳам тасвирланган: ишчи «оғир очиқ синиш» олганидан сўнг, уни махсус жиҳозланган тез ёрдам машинаси ўрнига шахсий автомобилда ҳудуддан олиб чиқиб кетишган. Миср ҳукумати буни ҳодисани яширишга уриниш деб баҳолаган ва бундай хатти-ҳаракатни хавфсизлик талаблари ҳамда ҳисобот бериш қоидаларининг қўпол бузилиши деб атаган.

Хавфсизлик билан боғлиқ муаммолардан ташқари, Миср идораси қурилишдаги нуқсонлар ҳақида ҳам хабар берган. Жумладан, дастлабки учта энергоблокнинг пойдевор плиталаридан камчиликлар аниқланган ва уларни бартараф этишга бир йил вақт кетган. Тўртинчи блок конструкциясида эса бўшлиқлар топилган.

Миср томони, шунингдек, «Росатом»ни «сохта ишлар» олиб боришда ва қурилиш ярмидан кўпроғи бажарилган деган тасаввурни яратишга уринишда айблади. Идора маълумотларига кўра, атом оролининг асосий иншоотлари ҳали ҳам ер ости ишлари босқичида.

Politico қўлга киритган «Росатом»нинг ички ҳужжатларида ҳам лойиҳа билан боғлиқ муаммолар ҳақида огоҳлантиришлар бор. 2025 йилда тайёрланган аудиторлик ҳужжатида шартнома мажбуриятларини бажармасликнинг «сезиларли хавфи» қайд этилган. Биринчи энергоблок бўйича дастлабки график эса кечикиш тахминан бир ярим йилни ташкил этишини — 2028 йил сентябридан 2030 йил мартигача сурилишини кўрсатган.

Politico саволларига жавоб берар экан, «Росатом» айбловлар лойиҳада белгиланган шартномавий, техник ва назорат тартиб-таомиллари доирасида тасдиқланмаганини билдирди.

Киритилди: 21:25 18.08.2026. Ўқилди: 1185 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар