Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори қабул қилинди. Ушбу Низомда миллий табиий мерос объектларининг мақоми, турлари, рўйхатини шакллантириш ҳамда ҳудудларида қурилиш ишларини амалга ошириш тартиби белгиланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари қуйидаги турларга бўлинади:
— биологик — 50 йиллик ва ундан ортиқ ёшдаги дарахтлар, реликт дарахтзорлар, қимматбаҳо дарахт турлари бўлган ўрмонлар, табиий ландшафтлар ва экотизимлар, Бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари, Рамсар конвенцияси объектлари, диққатга сазовор табиий жойлар, мавсумий табиий ҳодисалар, қатъий чегараланган зоналар (ўсимлик ва ҳайвонларнинг муҳим ўсиш ҳамда яшаш ареаллари, муҳим орнитологик ҳудудлар, муҳим биологик хилма-хил ҳудудлар);
— геологик — геологик кесимлар, геоморфологик объектлар, табиий геологик тузилма, глобал геопарклар, физиографик тузилмалар, шифобахш конлар ёки ётқизиқли жойлар, табиий ёдгорликлар;
— гидрологик — табиий сув ҳавзаси, шаршара, булоқ, кўл ва дарёлар;
— палеонтологик — қадимги ҳаёт шакллари қолдиқлари.
Низомга кўра, Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларига муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми берилади. Бу объектлар Умумжаҳон маданий ва табиий мероси ҳамда Рамсар конвенцияси объектлари рўйхатига, шунингдек, Бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари ва Глобал геопарклар тармоғига киритилиши мумкин.
Қолаверса, давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, табиат боғлари, давлат буюртма қўриқхоналари, давлат табиат ёдгорликлари, шунингдек, давлат биосфера резерватлари миллий табиат боғлари рўйхатига киритилади.
Табиий объект Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритилиши учун қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
— биофизик жараёнлар ва рельеф шаклининг ўзига хослиги ҳамда бузилмаган бўлиши;
— табиий ҳолатда бўлган асосий ўзаро алоқа ва боғлиқлик элементларининг барчасини ёки кўп қисмини ўз ичига олиши;
— экотизим ва биохилма-хилликни узоқ муддатли сақлашда аҳамиятли бўлган табиий жараёнларнинг зарур бўлган барча элементларини қамраб олиши;
— биохилма-хилликни сақлаш нуқтайи назаридан муҳим объект бўлиши, тегишли биогеографик минтақа ва экотизимларга хос фауна ва флора яшаш ҳудудларини ҳамда уларнинг ареалларини қамраб олиши;
— кўчиб юрувчи турларнинг яшаш ҳудудлари, кўпайиш ва уялаш жойлари ҳамда кўчиш йўллари мавжуд бўлиши;
— биохилма-хиллик ёки инсоният ҳаёти учун аҳамиятли ҳисобланган гидрологик объектлар мавжуд бўлиши;
— ер ривожланиши тарихини ўзида акс эттирган геологик кесим ва тузилмани, геоморфологик объект, палеонтологик ётқизиқлар, ҳосилалар ёки объектлар ҳамда шифобахш кон ёки ётқизиқли ҳудудларни қамраб олиши.
Низомга кўра, Ўзбекистон миллий табиий мерос объектларида табиий ресурсларни қазиб олиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказиш, ноқонуний қурилишларни амалга ошириш, дарахт ва буталарни кесиш, гидрологик ва гидрогеологик режимни ўзгартирувчи ҳаракатлар, тупроқ эрозиясига олиб келувчи ишлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар бериш, йўл ва муҳандислик-коммуникация ишларини амалга ошириш тақиқланади.
Шунингдек, чиқиндиларни сақлаш ва кўмиш, оқова сувларни оқизиш, заҳарли кимёвий моддаларни қўллаш, ҳаром ўлган чорва моллар кўмиладиган жойларни ташкил этиш, заҳарли кимёвий моддалар ва минерал ўғитлар омборларини қуриш, кимё, целлюлоза-қоғоз ва металлургия саноати корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш, чорвачилик ва паррандачилик мажмуаларини жойлаштириш, шунингдек, суғориш учун "шарбат" (суюқ гўнг) ишлатиш, транспорт воситаларини қўйиб туриш, уларга ёнилғи қуйиш, ювиш ва таъмирлаш жойларини ташкил этиш, нефть маҳсулотлари омборларини ташкил қилиш, зиғир, каноп ва тери ювиш ҳамда тирик организмларнинг янги ва кенжа турларини иқлимлаштириш мақсадида жойлаштириш мумкин эмас.
Ўзбекистон миллий табиий мерос объекти ҳудудида қурилиш ишларини амалга оширишда маълум талаблар белгиланади. Жумладан, иншоот баландлиги, ташқи кўриниши ва ишлатиладиган материаллар маҳаллий ландшафтга тўлиқ уйғун бўлиши, қурилишда фақат табиий ва экологик тоза материаллардан фойдаланилиши лозим. Қурилишда рельефни ўзгартириш, дарахтларни кесиш, ўсимликларга зарар етказиш ва сув объектларининг табиий ўзанларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Талаблар бузилган тақдирда қурилиш ишлари зудлик билан тўхтатилади ва айбдор шахсларга ҳудудни рекультивация қилиш (аввалги ҳолатига қайтариш) мажбурияти юкланади ҳамда етказилган зарар белгиланган тартибда ундирилади.
Бундан ташқари, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари, кўп квартирали уйлар ва баланд иншоотлар, чиқинди полигонлари ва кимёвий моддалар омборларини қуришга рухсат берилмайди.