Мажбурий ижро бюросидан қарзи борларнинг мобил телефон қурилмалари блокланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.
МИБ бу хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.
“Ижтимоий тармоқлар орқали ижро ҳужжатларига асосан қарздорлиги мавжуд бўлган шахсларга тегишли бўлган мобил телефон қурилмаларининг блокланиши ҳақидаги хабарлар фейк ҳисобланади”, дейилади хабарда.
МИБ фуқаролар ижро ҳужжатлари бўйича юзага келган қарздорликлар ва хорижга чиқиш учун бўлган тақиқ бор ёки йўқлиги ҳақидаги маълумотларни расмий сайт саҳифалари ёки мобил телефон орқали ҳам билишлари мумкинлигини эслатди.
Бунинг учун Мажбурий ижро бюросининг расмий www.mib.uz сайти ёки унинг Андроид ёки IOS мобил иловаларидан фойдаланиш тавсия қилинди.
“Асосийси, юзага келган қарздорлик ҳамда уни ундириш билан боғлиқ ижро ҳаракатлари мобил ёки бошқа қурилмаларнинг ишлаш жараёнига таъсир қилмайди”, дейилади МИБ хабарида.
2025 йилнинг октябрида МИБ уларнинг номидан фойдаланиб амалга оширилаётган жиноятлардан огоҳлантириш берганди. Телефонга МИБ номидан шубҳали хабар келса, ҳеч қандай иловаларни юклаб олмасликни, акс ҳолда фирибгарлар банк картаси маълумотларини қўлга киритиши мумкинлиги билдирилганди.