Яккасарой туманидаги оддий бир хонадон атрофидаги вазият қарийб 3 йил давомида ечимини кутиб келди. Суднинг 2023 йил 1 августдаги қарори билан мазкур уй қарздорларга тегишли эмаслиги аниқланиб, уларни бошқа уй-жой бермасдан кўчириш белгиланган эди. Яъни, қонун нуқтаи назаридан уйнинг ҳақиқий эгалари бошқа фуқаролар экани очиқ-ойдин белгиланган.
Бироқ амалда бу қарорни бажариш осон кечмади. Қарздорлар уйни бўшатишни истамай, турли сабаблар билан вақтни чўзиб келди. Давлат ижрочилари томонидан 2023 йилдан буён бир неча бор тушунтириш ишлари олиб борилди, қонун талаблари етказилди, мажбурий ижро саналарини белгилаш орқали масала тинч йўл билан ҳал этилишига уринилди. Аммо қарздорлар томонидан қаршиликлар давом этди.
Натижада, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида кескин чора кўришга тўғри келди. 2026 йил 27 март куни давлат ижрочилари томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, қарздорлар хонадондан чиқарилди.
Энг муҳими, узоқ вақт давомида ўз уйига кира олмаган, сарсон бўлган ҳақиқий эгаларнинг ҳуқуқи тикланди. Улар ниҳоят ўз хонадонларига қайтиб, уй остонасидан қадам қўйиш имконига эга бўлди.
Бу ҳолат бир ҳақиқатни яна бир бор кўрсатади: қонун билан белгиланган қарор барибир ижросини топади. Уни тўхтатиб қолиш ёки умуман бажармасликнинг иложи йўқ.