Бугун 28 ноябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Месси ва Роналду яна бир майдонда учрашиши мумкин

Месси ва Роналду яна бир майдонда учрашиши мумкин

20 декабрь куни Аргентинада жаҳон футболи юлдузлари иштирокида ўзига хос учрашув бўлиб ўтади. «Бока Хуниорс»нинг «Ла Бомбонера» стадионида Карлос Тевеснинг футболчилик фаолиятига бағишланган хайрлашув баҳси ташкил этилади.

Мазкур ўйиннинг асосий иштирокчиларидан бири Лионель Месси бўлади. «Интер Майами» ҳужумчисининг майдонга тушиши 26 ноябрь куни расман тасдиқланди.

Месси ва Тевес Аргентина миллий терма жамоасида узоқ йиллар бирга ҳаракат қилган. Жумладан, улар 2006 ва 2010 йилги жаҳон чемпионатларида мамлакат шарафини ҳимоя қилган.

Хайрлашув учрашувида Серхио Агуэро, Мартин Палермо, Жанлуижи Буффон, Рио Фердинанд ва Леандро Паредес каби машҳур футболчиларнинг ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Қизиғи, Тевес собиқ жамоадоши Криштиану Роналдуни ҳам ушбу тадбирда кўришни истамоқда. У «Манчестер Юнайтед»да бирга тўп сурган португалиялик юлдузни шахсан таклиф қилиш ниятида эканини билдирган. Бироқ Роналдунинг иштироки ҳали тасдиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, Карлос Тевес 2022 йилда профессионал футболчилик фаолиятини якунлаган эди.

Киритилди: 06:50 27.11.2026. Ўқилди: 696 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар