Германия канцлери Фридрих Мерц Хитой билан янги савдо можаросини истамаслигини, бироқ Европа саноатига зарар етказаётган иқтисодий номутаносибликлар юзасидан Пекин билан очиқ мулоқот олиб бориш тарафдори эканини маълум қилди.
Бу ҳақда у Франция-Германия вазирлар кенгаши йиғилиши якунлари бўйича Франция президенти Эммануэль Макрон билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Хитой ҳам Европа билан иқтисодий алоқаларни сақлаб қолишдан манфаатдор, чунки тахминан 450 миллион аҳолига эга Европа Иттифоқи бозори ХХР учун энг муҳим бозорлардан бири бўлиб қолмоқда.
«450 миллион истеъмолчига эга Европа Иттифоқи ХХР учун энг муҳим хорижий бозор ҳисобланади. Шу боис, гап ўзаро қарамлик ҳақида бормоқда», — дея таъкидлади канцлер.
Шу муносабат билан Мерц Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасида конструктив ва прагматик мулоқотни ёқлаб чиқди.
«Мен ҳозирги вазиятнинг сақланиб қолишига тайёр эмасман, чунки бу бир томонлама тартибда Европадаги иш ўринларига салбий таъсир кўрсатмоқда», — деди у.