Германиянинг Mercedes-Benz автоконцерни АҚШ бозорини йўқотиши мумкин, деб ёзмоқда Bild нашри.
Нашр маълумотларига кўра, бу АҚШда Хитой капитали улуши 15 фоиздан ортиқ бўлган компаниялар автомобилларини сотишни тақиқловчи қонун лойиҳаси билан боғлиқ.
«Оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкин: АҚШда сотувлар тақиқланади», — дейилади нашр мақоласида.
Қайд этилишича, Mercedes акцияларининг қарийб 10 фоизи Хитойнинг BAIC концернига, яна қарийб 10 фоизи эса Хитойнинг Geely бренди асосчиси Ли Шуфуга тегишли.
Мақолада таъкидланишича, АҚШ Mercedes учун муҳимлиги бўйича иккинчи ўринда турадиган сотув бозори ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу қонун Хитой етказиб берувчилари билан ишлайдиган Volkswagen ва BMW компанияларига ҳам таъсир қилиши мумкин.