Мавритания пойтахти Нуакшотнинг айрим маҳаллаларига сув эшак араваларда олиб келинади, дея ёзади “Анадўлу”.
Мамлакат пойтахти тобора ривожланаётган бўлса-да, шаҳар четидаги айрим маҳаллаларда сув инфратузилмаси мавжуд эмас. Бу маҳаллаларга сотувчилар сувни эшак араваларда олиб келади. Улардан бири – Аҳмад Мусо. У ҳар куни 4-5 марта уйларга буюртмага кўра сув тарқатади.
Кунига 50-60 километр йўл юрадиган Мусо бирор маҳаллага борганида аввалига ҳайвонларига сув беради, сўнг буюртмаларни тарқатади.
“Эшак билан сув ташиш осон эмас. Бу иш билан икки йилдан бери шуғулланаман. Баъзан жуда чарчаб қоламан, аммо маҳаллага келганида инсонларнинг юзидаги қувончини кўриш учун арзийди”, – деди Мусо.
Унинг эшагини айниқса болалар яхши кўради, улар жониворга “Мерседес” деб лақаб қўйган.
“У менинг ҳам ҳамроҳим, ҳам даромад манбаим. Афсуски, сув ташиётиб жуда чарчайди”, – дейди сув сотувчиси.
Manba: azon.uz