Финляндия президенти Маскни Украинага Россия ҳудудида Starlinkдан фойдаланиш имконини беришга чақирди.
Финляндия президенти Александр Стубб Илон Маскни Украинага Россия ҳудудида ҳам Starlink спутник интернет тизимидан стратегик мақсадларда фойдаланиш имконини беришга чақирди.
«Мен Илон Маскни украинларга баллистик ракеталар учириладиган ҳудудларда — ҳам Украинанинг босиб олинган ҳудудларида, ҳам Россияда — Starlinkдан стратегик мақсадларда фойдаланиш имконини беришга чақираман. Чунки бу инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин», — деди Стубб Reuters агентлигига БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Нью-Йоркда берган интервьюсида.
Стуббнинг фикрича, ҳозир Украинага учта асосий йўналишда ёрдам зарур. Биринчиси — ҳаво мудофааси. Унинг таъкидлашича, маълум даражада Starlink ҳам ҳаво ҳужумларидан ҳимояни кучайтиришга ёрдам бериши мумкин.
Қолган икки устувор йўналиш сифатида у қўшимча электр генераторлари ва молиявий ёрдамни қайд этди.
«Биз ҳозир шу масалалар устида ишлаяпмиз. Қишки чора-тадбирлар пакетини шакллантирмоқдамиз. Чунки уруш қишдан олдин тугаши мумкинлигини кўрсатувчи белгиларни кўрмаяпман», — деди Стубб.
Украина расмийлари Россия ҳудудида Starlinkдан фойдаланиш имконияти Украина Қуролли кучларига қишдан олдин баллистик ракеталар учириш қурилмаларига зарба бериш имконини оширишини билдирмоқда.
Киевда Россияда бундай ҳужумлардан ҳимояланиш учун етарлича ракетани тутиб қолувчи воситалар мавжуд эмаслиги таъкидланмоқда. Владимир Зеленский ҳам июль ойида Дональд Трампга шунга ўхшаш илтимос билан мурожаат қилган эди.
Украинанинг Fire Point компанияси ҳаммуассиси Денис Штилерман аввалроқ Украина фронт чизиғи бўйлаб зарар етказиш ҳудудини шакллантириш учун Starlinkдан аллақачон фойдаланаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳудудида тизимдан фойдаланиш имконияти зарба бериш масофасини яна 500 километрга — «Сибиргача» узайтириш имконини беради.