Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан ноябрь ойида ўтказилган йиғилишларда банклар, кредит ва микромолия ташкилотлари фаолиятига оид 41 та масала кўриб чиқилди, дея хабар берди регулятор матбуот хизмати.
Кўриб чиқилган масалаларнинг 31 таси рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида тўгри келган. Шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (5 та), янги очилаётган микромолия ва кредит ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш (5 та), микромолия ташкилотини реестрдан чиқариш (1 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (4 та), банкларнинг аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқи учун аудиторлик малака сертификатини бериш (4 та) шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (12 та) билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.
Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 10 та масала — Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банклари, кредит ва микромолия ташкилотларида ўтказилган инспекция натижалари, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган масалалар ҳам муҳокама қилинган.
Пруденциал норматив талабларига риоя этилмаганлиги, ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари талабларига белгиланган тартибда мувофиқлаштирмаганлиги ҳамда инспекция текширувлари давомида аниқланган камчиликлар учун 1 та микромолия ва 1 та тўлов ташкилотлари чора ва санкциялар қўлланиши тўғрисида огоҳлантирилган.
Шунингдек, Марказий банк талаблари ва ўтказилган инспекция текширувлари давомида ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш қоидаларига риоя қилинишида аниқланган қоидабузарликлар учун 4 та банкка нисбатан жарима санкцияси қўлланган.