Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Ленинни дафн қилмаслик фикри кимдан чиққанди?

Ленинни дафн қилмаслик фикри кимдан чиққанди?

Ленин мақбарасининг келгуси тақдири ҳақида Россияда яна гап-сўзлар қўзғалди. Тарихий ҳужжатларда пролетариат доҳийсининг ўлимидан кейин жасадни нима қилиш кераклиги ҳақида васияти йўқ.

- Бундай васият бўлиши ҳам мумкин эмасди, - дейди Лениннинг жияни Ольга Ульянова хотираларида. – Ушбу мавзуда оиламизда ҳеч қачон гап бўлмаган. Владимир Ильич ҳали 53 ёшда эди. Ўлимни эмас, ҳаёт ҳақида кўп ўйларди.

Хўш, унда Ленинни Қизил майдонда, мақбарада мумиёланган ҳолда абадий сақлаш фикри кимдан чиққан. Кўпчилик тарихчилар бу ундан кейин раҳбарликни қўлга олган И.В.Сталиннинг хоҳиш-иродаси эди, дейишади. Россия архитекторлар уюшмаси тахминига кўра бундай эмас экан. 1924 йилда Сталин партияда ҳали нуфузга эга эмасди ва агар шундай масалада фикр билдирса, бу унинг ҳокимият учун курашида қимматга тушарди.

Владимир Ленин 1924 йил 21 январда узоқ давом этган касалликдан сўнг Москва губернияси Подольск уезди, Горки қўрғонида соат 18 дан 50 дақиқа ўтганида вафот этди. Унинг жасади тобутда Москванинг Павелецк вокзалига келтирилди. Видолашув жойи Союзлар уйининг калонна зали бўлди. Дафн комиссияси шу заҳоти жиддий муаммога тўқнаш келди. Ҳудудлардан видолашувга етиб келолмаган одамлардан маросимни узайтиришни сўраб сон-саноқсиз телеграммалар кела бошлади. Кремль девори ёнида ўша пайтда инқилоб учун жангларда ҳалок бўлган қизил гвардиячилар дафн этилган жойга доҳий ҳам кўмиладиган бўлганди. У ерда 1919 йилдан испан гриппидан вафот этган Яков Свердлов қабри алоҳида кўзга ташланиб турарди.

Лениннинг жасадини сақлаш ҳақида жойлардан келаётган таклифларда аввал бошда аниқ бир фикр йўқ эди. Тиббиётчилар амалда назарий жиҳатдан буни уддаласа бўлишини айтишди. Шундан кейин баҳс-мунозара жонланиб қолди. Дзержинский, Молотов, Красин, Муралов таклифни маъқуллашди. Троцкий, Банч-Бруевич, Ворошилов қарши чиқиши, Крупская бу масалага узил-кесил кейинроқ қайтилишини билдириб, жасадни вақтинча сақлашга рухсат берди.

Биринчи ёғоч мақбарага Ленин жасадини 1924 йил 27 январда жойлаштиришди. Ўша пайтда ҳеч ким олимларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида қандай бўлишини билмасди. Ўн йилми, йигирма йилми? Шу боис жасадни абадий сақлаш ҳақида гап ҳам бўлмаган эди. 1924 йил В.Воробьев ва Б.Збарский раҳбарлигидаги лаборатория партиянинг XIII съезди делегатлари ҳукмига ўзларининг жасадни узоқ вақт бальзамлаштириш мумкинлиги ҳақидаги хулосаларини ҳавола этди. Сўнгра Ильични Коминтерннинг 5-конгресси делегатлари кўришга муваффақ бўлдилар. Самара ҳайратомуз эди – Ленин худди тирикдек ётарди.

Воробьев ва Збарский муваффақияти гранитдан Мавзолей-мақбара қуришга туртки бўлди. У 1930 йил қурилди. Ленин жасадини ерга дафн этиш ҳақида кейинги вақтларда тез-тез гапириладиган бўлиб қолди. Аммо фикр-мулоҳазалар, таклифларда якдиллик йўқ. Бир томон жасадни дафн қилиш керак деса, бошқа томон «Биз Ленинни мавзолейдан чиқариш каби экстремистик ғояни таклиф қилмаймиз, майли қанча хоҳласа, шунча ётаверсин... Аммо! Эртами кечми, албатта жасад кўчирилади. Лениннинг ўзи уни Петербургдаги Волковск қабристонига, онаси ёнига дафн этишни васият қилган. Бунга бир неча сафдошлари - Крупская ва Бонч-Бруевичнинг гувоҳлиги бор”, дейди.

Хуллас, Ленин мақбарасининг келгуси тақдири нима бўлишини ҳали ҳеч ким билмайди.

“АиФ” (2020 йил, 40-сон) асосида Т.ШОМУРОДОВ тайёрлади.

Киритилди: 03:00 01.12.2020. Ўқилди: 6696 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!