Россия АҚШ ва Исроилнинг Теҳронга қарши операцияси фонида Эрон билан разведка маълумотларини алмашмаяпти.
Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров France Télévisions нашрига берган интервьюсида шундай деди.
"Биз Эронга айрим турдаги ҳарбий маҳсулотлар етказиб бердик, аммо Эронга разведка маълумотлари билан ёрдам бераётганимиз ҳақидаги айбловларни қабул қила олмаймиз", деди у.
Лавровнинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин ва унинг матбуот котиби Дмитрий Песков Теҳрон билан разведка маълумотларини алмашиш масаласига аллақачон изоҳ беришган.
"Улар Россиянинг ҳақиқатан ҳам Эрон билан яқин муносабатлари борлигини айтишди. Бизда ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича келишув бор", деди Россия ташқи ишлар вазири.
Унинг қўшимча қилишича, Форс кўрфази мамлакатларидаги АҚШ ҳарбий базаларининг координаталари минтақадаги ҳаммага маълум: "Эрон уларга ҳужум қилаётганидан ҳайрон эмасман".