"Ҳа, биз кўриб турибмиз. Умуман олганда, буни жуда яхши ғоя, ажобий ташаббус деб ҳисоблаймиз. Биз америкаликлар билан алоқадамиз. Биз можарони доимо тинчлик йўли билан ҳал қилиш тарафдори бўлганмиз", — деди журналистларга Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
"Нефтни қайта ишлаш заводларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш ва нефт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш глобал муаммоларни ҳал қилмайди. Чунки асосий муаммо нефт маҳсулотларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш билан боғлиқ. Гап ушбу нефт маҳсулотларининг жаҳон бозорларига тўсиқсиз кириб боришида. Бунинг учун нефт ташувчи кемалар учун денгизда хавфсиз қатновни таъминлаш зарур", — деди Кремл вакили.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида шундай ёзган эди: "Украина Россиянинг энергетика объектларига зарба бермасликка рози бўлди. Россия ҳам худди шундай йўл тутишга рози бўлди!".
Бундан ташқари, Песковдан фарқли ўлароқ, Трамп жаҳонда дизел ёнилғиси нархларининг ошиши "Эрон билан боғлиқ вазият эмас, балки асосан Россия ва Украина ўртасидаги уруш туфайли юзага келган", деб таъкидлаганди.
Украина президенти Володимир Зеленский эса агар Москва ҳам бундай ҳужумлардан воз кечса, Украина Россиянинг муҳим инфратузилма ва энергетика объектларига зарба беришни тўхтатишга тайёрлигини айтди.